Жаҳон | 17:33
1006
3 дақиқада ўқилади

Яна Лондон — дунёнинг энг яхши шаҳарлари эълон қилинди

Энг яхши 100 та шаҳар рейтингига Марказий Осиё давлатлари ва Россиядан бирорта шаҳар киритилмаган.

Фото: AP

Лондон Resonance Consultancy консалтинг компаниясининг The World’s 100 Best Cities лойиҳаси бўйича кетма-кет ўнинчи йил дунёнинг энг яхши шаҳри деб топилди. Буюк Британия пойтахти хорижий сармоядорлар, талабалар, сайёҳлар ва бизнес раҳбарлари учун энг жозибадор шаҳар сифатида эътироф этилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Содиқ Хон раҳбарлигида Лондон барқарор ривожланиш, экологик тозалик ва хавфсизликка интилишни давом эттирмоқда. Шунингдек, шаҳарнинг инвесторларни жалб қилиш хусусияти алоҳида қайд этилди. 2024 йил январдан март ойигача бўлган даврда америкалик инвесторлар Буюк Британиянинг тижорат кўчмас мулкига 3,66 миллиард доллар миқдорида сармоя киритди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 50 фоиз юқори. Экспертлар хулосасига кўра, ушбу маблағларнинг қарийб 2 миллиард доллари дунёдаги энг серҳаракат ва сотувга қулай тижорий кўчмас мулк бозорларидан бири бўлиб қолаётган Лондон меҳмонхоналари ва офисларига йўналтирилган.

Рейтингда иккинчи ўринни Ню Йорк эгаллади. Ҳакамлар ҳайъати шаҳарнинг пандемиядан жуда тез тикланганини, яна сайёҳларни жалб қилаётганини таъкидлади. Бундан ташқари, 2024 йилда Манҳеттендаги ижара нархлари 50 фоизга ошгани қайд этилди.

Ню Йоркда меҳмонхоналар сони кўпаймоқда, ҳукумат инфратузилмани ривожлантириш ва музейларни реконструкция қилиш учун маблағ ажратяпти. Шаҳарга келаётган ёш ва иқтидорли талабалар оқими ошган.

Учинчи ўринни Париж эгаллади. Бу йил Франция пойтахти учун оғир келди — Олимпия ўйинлари ва чет эллик сайёҳлар оқими норозилик намойишлари билан бирга кечди, ишсизлик ва камбағаллик даражаси пасаймади. Шунга қарамай, мутахассислар шаҳардаги “мисли кўрилмаган темир йўл алоқаси”, сайёҳликдан келадиган даромад ўсаётгани, уй-жой ижараси оммавийлашаётгани ва маҳаллий маъмуриятнинг йирик лойиҳаларига урғу берди.

Рейтингда Япониянинг Токио шаҳри тўртинчи, Сингапур бешинчи, Рим олтинчи ўринни эгаллади. Еттинчи ва саккизинчи қаторларда Испаниянинг Мадрид ва Барселона шаҳарлари жойлашган. Рўйхатда Берлин тўққизинчи, Сидней эса ўнинчи бўлди. Иккинчи ўнталикка Амстердам, Сан Франсиско, Дубай, Лос Анжелес, Торонто, Сеул, Чикаго, Вена, Сиэтл, Милан кирди. Жами 100 та шаҳар рейтингида Рио-де-Жанейро охирги ўринни эгаллади.

Мавзуга оид