Ўзбекистон | 19:15 / 16.04.2020
95815
6 дақиқада ўқилади

Президент «Ўзавтосаноат»га автомобилларнинг янги моделларини ишлаб чиқишга кўрсатма берди

Президент иштирокидаги йиғилишда саноат тармоқларида барқарорликни таъминлаш чоралари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 16 апрель куни кимё, агротехника ва автомобиль саноати корхоналарида ишлаб чиқариш суръатларини таъминлаш ҳамда янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

«Маълумки, коронавирус пандемияси барча мамлакатлар иқтисодиётига катта зарар етказмоқда. Халқаро валюта жамғармаси ҳисоботида маълум қилинишича, бу йил жаҳон иқтисодиёти кўрсаткичлари камида 3 фоизга пасайиши кутиляпти.

Шундай мураккаб даврда Ўзбекистонда иқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш ва аҳоли даромадлари камайиб кетмаслигини таъминлаш учун барча резервлар ишга солинмоқда. Зарур чора-тадбирлар умумий ёндашув асосида эмас, ҳар бир тармоқ бўйича алоҳида белгиланаётир. Уларга ёрдам бериш, муаммоларни кундалик ҳал қилиш учун Президент Администрацияси, ҳукумат, вазирлик ва идоралар раҳбарлари 128та йирик ишлаб чиқариш корхонасига бириктирилган», дейилади президенти матбуот хизмати хабарида.

Кимё саноати мавжуд қувватларни сақлаб қолиш билан бирга янги ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун барча имкониятларга эгалиги қайд этилган, тармоқдаги бугунги ҳолатга йиғилишда танқидий баҳо берилган.

Қайд этилишича, жорий йилда 9 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва 280 миллион долларлик экспорт режалаштирилган. Бунга эришиш учун «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти тармоқдаги корхоналар фаолиятига кўмаклашиб, талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириши зарурлиги таъкидланди.

Хусусан, яқин бир ойда «Навоийазот» акциядорлик жамиятидаги поливинилхлорид корхонаси қувватини 90 фоизга етказиш, азот кислотаси ишлаб чиқариш лойиҳасини фойдаланишга топшириш вазифаси қўйилди.

Ҳозирги эпидемиологик вазият боис тозалаш ва дезинфекция воситаларига талаб ошган. Хусусан, қўшни давлатлардан 2 минг тонна гипохлоритга буюртма келиб тушган. Шунингдек, тоғ-кон металлургия саноати учун муҳим бўлган цианид тузларига ҳам эҳтиёж ортмоқда.

Шу боис имкониятларни тўлиқ сафарбар этиш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, мавжуд қувватларни модернизация қилишга қаратилган янги лойиҳалар тайёрлаш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Ташқи бозорларда маҳсулотларимиз рақобатдошлигини ошириш учун транспорт харажатларини камайтириш, ҳамкор давлатлар билан келишиб, темир йўл орқали ташишда қулайликлар яратиш муҳимлиги таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йили 12 июлда Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводида бўлиб, мутахассислар билан тармоқдаги муаммоларни муҳокама қилган эди. Ундаги хулоса ва таҳлиллар асосида 31 июль куни давлат раҳбарининг «Қишлоқ хўжалиги машинасозлигини жадал ривожлантириш, аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ўтган вақт мобайнида бу борада муайян ишлар амалга оширилди.

Бугунги йиғилишда техникаларни ўз вақтида сотиш учун харидор билан ишлаш тизимини ривожлантириш, фермер ва деҳқонларга бу борада кредит имтиёзлари бериш зарурлиги қайд этилди. «Агротехсаноатхолдинг» компаниясига қишлоқ хўжалиги техникаларини электрон буюртма асосида сотиш тизимини жорий этиш вазифаси қўйилди.

Маҳаллий ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги машиналари сифати ва нархи танқид қилинди, бу жиҳатда улар хорижники билан рақобатдош эмаслиги қайд этилди. Техника қиммат бўлса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархига ҳам таъсир қилади.

Шу муносабат билан ҳамма техника нарх-навосини таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқаришни оптималлаштириш, металл қуйиш қувватларини тезроқ ишга тушириб, локализация даражасини ошириш бўйича топшириқлар берилди.

«Маҳаллийлаштиришдан мақсад – ўзимизнинг қишлоқларга мос, деҳқонларга тўғри келадиган ҳамёнбоп миллий тракторлар ишлаб чиқариш», – деди Шавкат Мирзиёев.

Пахта теримини механизациялашни жадаллаштириш, жорий йил сентябргача жойларга камида 1 000та пахта териш машинаси етказиб бериш, барча ҳудудларда сервис марказлари ташкил этиш вазифаси белгиланди.

Бутун дунёда пандемиядан энг катта зарар кўрган тармоқлардан бири автомобилсозлик бўлмоқда.

Бундай шароитда корхоналарнинг барқарор ишлашини таъминлаш учун аввало ички бозор имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш зарур.

Масалан, мамлакатда эҳтиёт ва бутловчи қисмлар бозори 500 миллион долларни ташкил этади. Маҳаллий маҳсулотларнинг ундаги улуши – атиги 9 фоиз.

«Ўзавтосаноат» акциядорлик жамиятига жорий йил якунига қадар 300 турдаги импорт бутловчи қисмларни ўзлаштириб, хорижникидек сифатли ишлаб чиқариш вазифаси қўйилди.

Автомобилларнинг янги моделларини ишлаб чиқиш, автокредит бераётган тижорат банкларини рағбатлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.

«Самавто» ва «МАН» заводларида махсус техникалар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, аграр тармоқда талаб кузатилаётган янги турларни ўзлаштириш яхши самара бериши таъкидланди.

Автосаноат маҳсулотлари экспортини ошириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Ишлаб чиқаришдан тортиб, савдо ва сервис хизматигача бўлган барча жараёнларни рақамлаштириш орқали сифатни назорат қилиш, маҳсулотга ишончни ошириш, очиқ-ошкораликни таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.

Видеоселектор йиғилишида кимё, агротехника ва автомобиль саноати тармоқлари мутасаддилари, йирик корхоналар раҳбарлари ахборот берди.

Мавзуга оид