Коронавирус пандемияси шароитида Zoom бутун жаҳон афкор оммасининг эътиборига тушди — аввал бу сервис воситасида онлайн ўқишга ўтган мактаб ўқувчилари ва талабалар, сўнгра ҳамма-ҳамманинг.

Платформа яқинлар билан тезда ва арзон мулоқот қилиш, онлайн дарслар ўтиш, виртуал кечалар, ҳаттоки тўйлар ўтказиш имконини беради.

Бироқ, унинг машҳурлиги ортидан жиддий муаммоларга ҳам эга экани ойдинлашди. Корпоратив мижозлар учун маҳсулот тайёрлаган хитойликларнинг бу стартапи фойдаланувчиларнинг жуда катта қисмига тайёр эмаслиги ойдинлашди. Ёвуз ниятли кимсалар конференцияни уятсиз видеолар билан бўлиб қўйишмоқда, Facebook ва Даркнетга юз минглаб фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари сизиб чиқмоқда, қўнғироқларнинг ёзуви эса очиқ фойдаланишга чиқариб юборилмоқда.

Мутахассислар борган сари платформанинг янгидан-янги ожиз томонларини топишмоқда.

Zoom ОАВ ва киберхавфсизлик мутахассисларнинг танқидига, АҚШ ФҚБдан сўровларга, фойдаланувчилар ва акциядорларнинг судга даъво аризаларига ботиб қолди. Энди илованинг қулайлиги ва фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларни сақлаш ўртасида мувозанатни топиш устида иш олиб бораётган компания ўз муваффақиятининг қурбонига айланиши мумкин.

Ярим миллионга сотилаётган маълумотлар

Vice ўзининг бир неча манбаларига таяниб ёзишича, ҳакерлар Zoom’да фойдаланувчилар ортидан жосуслик қилиш мумкин иккита жиддий ожиз нуқта топишган. Ҳали ҳимоя механизми ўйлаб топилмаган ожиз нуқталар Windows’да? ҳам MacOS’да ҳам бор экан.

Vice ҳамсуҳбатларининг айтишича, Windows’даги нуқсоннинг нархи – 500 минг доллар. Бошқа манба икки баробар пастроқ нарх айтган.

Windows’даги заиф нуқта «саноат шпионажи учун идеал қуролдир», деган Vice’нинг киберхавфсизлик соҳасидан хабардор ҳамсуҳбати. Ундан фойдаланиб, ҳакер кодни киритиши ва иловага рухсат олиши мумкин — RCE-заифлик (remote code execution — кодни масофадан туриб бажариш) билан боғлиқ. MacOS учун эксплойт бошқача ва RCE билан боғлиқмас.

Zoom компаниясидагилар Vice’га бу маълумот тасдиқланмаганини айтишган.

«Zoom фойдаланувчилар хавфсизлигига жиддий эътибор қаратади. Биз бу миш-мишлардан хабар топганимизда хавфсизлик бўйича нуфузли компания билан суткалаб бирга ишладик. Бугунга келиб, бу таъкидларни тасдиқловчи бирорта исбот топа олмадик», — дейилади компания баёнотида.