Карантинда меҳнат муносабатларига оид мурожаатларни масофавий кўриб чиқиш тартиби очиқланди
Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида меҳнат муносабатларига оид жисмоний ва юридик шахсларни мурожаатларини масофавий усулда кўриб чиқишнинг вақтинчалик тартиби тасдиқланади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида меҳнат муносабатларига оид жисмоний ва юридик шахсларни мурожаатларини масофавий усулда кўриб чиқишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.
Низомга мувофиқ, коронавирус пандемиясининг тарқалишини олдини олиш бўйича чоралар амалга оширилаётган даврда ходимларнинг розилиги билан масофавий иш усулига, мослашувчан иш жадвалига ёки уйда ишлашга ўтказилган ходимлар жисмоний ва юридик шахсларни мурожаатларини меҳнат органлари томонидан масофадан туриб, яъни иш берувчи ва ходимлар билан ахборот технология воситалари (видео, аудио ва электрон ёзувлар) орқали қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқиш мумкин.
Масофавий усулда кўриб чиқиш қонун ҳужжатларига мувофиқ ваколатли шахслар томонидан амалга оширилади.
Мурожаатларни масофавий иш усулида кўриб чиқиш тартиби
Масофавий усулда кўриб чиқиш – жисмоний ва юридик шахсларни мурожаатларини меҳнат органлари томонидан масофадан туриб, яъни иш берувчи ва ходимлар билан ахборот технология воситалари (видео, аудио ва электрон ёзувлар) орқали қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқиш.
Мурожаат қабул қилингандан сўнг мурожаатни кўриб чиқувчи масъул ходим мурожаат муаллифи билан уяли телефон орқали боғланиб, мурожаатда кўрсатилган ҳолатларга тегишли маълумот ва ҳужжатлардан электрон тарзда олади.
Мурожаатда кўрсатилган ҳолатларни ўрганиш мақсадида ташкилотларнинг мансабдор шахслари билан телефон орқали боғланиб, мурожаатда кўрсатилган ҳолатларга тегишли ҳужжатлардан нусхалар ва маълумотни сўров хати орқали олади.
Мурожаатни ўрганаётган масъул ходим мурожаат муаллифи ва тегишли мансабдор шахслардан тушунтиришлар олиш зарурияти бўлган тақдирда, ушбу тушунтиришларни электрон, аудио ва видео шаклда олиши мумкин.
Тўпланган ҳужжатлар ва маълумотлар ўрганилиб, фуқароларни меҳнат ҳуқуқлари бузилганлиги (яъни, қонунбузилиш) тасдиғини топган тақдирда, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилади.
Мурожаатни кўриб чиққан масъул ходим, ёзма кўрсатма, тақдимнома киритиш ёки маъмурий ишни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлмаса, қонун бузилиши аниқлангандан сўнг бир кун муддат ичида тегишли ҳужжатларни меҳнат органи раҳбари орқали Давлат меҳнат инспекторига топширади.
Фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида дастлаб, қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик учун ёзма кўрсатма (тақдимнома) киритилиб, тегишли мансабдор шахсга ижтимоий тармоқ (электрон почта, телеграм ва бошқа) орқали етказилади.
Агар ижтимоий тармоқ орқали ёзма кўрсатма (тақдимнома)ни етказиш имкони бўлмаса, буюртма почта орқали юборилади.
Ёзма кўрсатма (тақдимнома) ижроси белгиланган муддатда таъминланмасдан, қонунбузилиш бартараф этилмаган тақдирда айбдор шахслар белгиланган тартибда маъмурий жаримага тортилади ва фуқароларни меҳнат ҳуқуқларини тиклаш мақсадида, меҳнат низоси юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга электрон тарзда ижтимоий тармоқдаги “E-SUD” сайти орқали фуқаронинг манфаатини кўзлаб, даъво аризалар киритилади.
Ўрганиш даврида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланмаган тақдирда, бу ҳақида мурожаат муаллифига ёзма тушунтириш берилади.
Меҳнат органлари ваколатига тегишли бўлмаган мурожаатлар ва аноним мурожаатлар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
Мурожаатларга жавоб хатлари қонунчиликда белгиланган муддатларда ёзма ёки электрон шаклда берилади.
Жисмоний ва юридик шахслардан ҳуқуқий маслаҳат олиш учун қилинган оғзаки шаклдаги мурожаатларга оғзаки тарзда, электрон ва ёзма шаклдаги мурожаатларга электрон ёки ёзма шаклда жавоб хатлари берилади.
Маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни масофадан кўриб чиқиш тартиби
Мурожаатларни ўрганиш даврида меҳнат, аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилишга оид қонун ҳужжатлари бузилиши аниқланган тақдирда, маъмурий иш масофадан кўриб чиқилиши мумкин.
Маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишни кўриб чиқилиши ҳақида Давлат меҳнат инспекторлари ҳуқуқбузарга камида бир ҳафта олдин хабарномани ижтимоий тармоқ (электрон почта, телеграм ва бошқа) орқали жўнатади.
Хабарномада маъмурий ишни кўриб чиқувчи мансабдор шахснинг лавозими, фамилияси, исми шарифи, аниқланган ҳуқуқбузарликнинг мазмун моҳияти, маъмурий иш кўриб чиқиладиган жойи, вақти, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 294-моддасида кўрсатилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари кўрсатилади.
Хабарномада кўрсатилган муддатда маъмурий иш аудио ва видео конференцалоқа орқали кўриб чиқилади.
Маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс маъмурий ишни кўриб чиқилишида, иш кўриб чиқилаётган жойда белгиланган карантин қоидаларига риоя этган ҳолда иштирок этиши ҳам мумкин.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахсдан ишни кўриб чиқишни кечиктириш хусусида ҳеч қандай илтимос тушмаган ҳолларда, иш унинг иштирокисиз кўриб чиқилиши мумкин.
Маъмурий иш белгиланган тартибда кўриб чиқилгандан сўнг, тегишли “Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги ва уни кўриб чиқиш тўғрисида баённома” ҳамда “Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун жарима солиш тўғрисида маъмурий қарор” расмийлаштирилади.
Баённомада Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган ёзувлардан ташқари маъмурий иш масофавий усулда кўриб чиқилганлиги, хабарнома орқали маъмурий ишни кўриб чиқувчи мансабдор шахснинг лавозими, фамилияси, исми шарифи, аниқланган ҳуқуқбузарликнинг мазмун моҳияти, маъмурий иш кўриб чиқиладиган жойи, вақти маълум қилинганлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 294-моддасида кўрсатилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилганлиги кўрсатилади.
“Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги ва уни кўриб чиқиш тўғрисида баённома” ҳамда “Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун жарима солиш тўғрисида маъмурий қарор” ҳуқуқбузарга бир кун муддат ичида ижтимоий тармоқ (электрон почта, телеграм ва бошқа) орқали етказилади.
Агар ижтимоий тармоқ орқали баённома ва қарорни етказиш имкони бўлмаса, буюртма почта орқали юборилади.
Мавзуга оид
14:10 / 02.10.2024
Меҳнат органларига мурожаат қилганлардан ортиқча ҳужжатлар талаб этилиши олди олинади
10:03 / 02.09.2024
“Халқ назорати” портали орқали қилинган мурожаатлар сони 45 мингдан ошди
17:55 / 28.08.2024
Кўп квартирали уйларнинг бошқарувчилари судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод қилинади
08:44 / 28.05.2024