2019 йил 11 ноябрь куни Қуйи Чирчиқ туманининг «Сурум» маҳалласидаги намунали уй портлаши оқибатида бир оиланинг 3 аъзоси вафот этди ва 3 киши бутун умрга мажруҳ бўлиб қолди. Kun.uz`га маълум бўлишича, фожиа масъул идораларнинг бепарволиги оқибатида содир бўлган.

Фото: Тергов департаменти

Тергов натижасида жами олти нафар шахс жиноят ишига айбланувчи тариқасида жалб этилган.

Иш тафсилотларига кўра, 2019 йил 11 ноябрь куни соат 08:30ларда Қуйи Чирчиқ тумани «Сурум» маҳалласида жойлашган фуқаро Р.Каримовга тегишли бўлган 1-сонли намунавий уйдан 47,5 метр масофада ер остидан ўтган юқори босимли газ қувури тешилиб, ундан сизиб чиқаётган табиий газ ер ости бўйлаб Р.Каримовнинг хонадонига тарқалиб, Х.Пирназарова газ плитасини ёқиш учун гугурт ёққанда газ чақнаши оқибатида кучли портлаш юз берган.

Портлаш оқибатида уйнинг деворлари ва том қисми (бетон плиталар) қулаб тушган.

Фото: Тергов департаменти

Оқибатда хонадон эгаси Р.Каримов ва унинг онаси М.Қиличовалар оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этишган. Оиланинг 10 ёшли фарзанди Б.Каримов куйиш тан жароҳатлари билан 49 кундан сўнг касалхонада жон берган.

Бир вақтнинг ўзида турмуш ўртоғи, қайнонаси ва фарзандидан айрилган Х.Пирназарованинг ўзи, 4 ва 1 яшар қизлари бутун умрга мажруҳ бўлиб қолди.

Ҳодиса юзасидан 13 ноябрь куни Қуйи Чирчиқ туман прокурори томонидан Жиноят кодексининг 258-моддаси 2-қисми «а» банди (одам ўлимига сабаб бўлган қурилиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) ва 207-моддаси 3-қисми «а» банди (одам ўлимига сабаб бўлган мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Тошкент вилояти прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан иш бўйича олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари 6 нафар шахсни айблаш тўғрисидаги хулоса билан ниҳоясига етди.