Вазир соҳа ходимларини республикада нишонланаётган 18 апрель - Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни билан табриклаган.
Унинг таъкидлашича, коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси халқ турмуш даражасини ошириш, аҳолининг кундалик эҳтиёжларини қондириш, улар учун қулай яшаш шароитларини яратишда муҳим аҳамиятга эга.
“Ана шундай муҳим соҳада фаолият юритаётган Сиз азизларнинг кундалик фидокорона меҳнатингиз натижасида аҳолимизга тоза ичимлик сув ва иссиқлик энергияси етказиб берилмоқда, шаҳар ва туманларимиздаги кўп квартирали уй-жойлар обод бўлмоқда, йиллар давомида аҳолимизни қийнаб келаётган муаммолар изчиллик билан ҳал қилинмоқда.
Бугунги синовли кунларда ҳам соҳада фидокорона фаолият юритаётган минглаб ҳамкасбларимиз давлатимиз томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.
Карантин шароитида санитария-гигиена қоидаларига амал қилишда ўта муҳим бўлган тоза ичимлик ва иссиқ сувни аҳолига етказиш учун ўз ҳаловатидан кечиб, кунни тунга улаб бор билим ва тажрибасини аямай, матонат кўрсатиб келаётган минглаб соҳа ходимларининг ҳар куни қаҳрамонликдан, хайрли ишлардан иборат десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз”, - дейди вазир.
Унинг таъкидлашича, 2019 йил вазирлик тарихида салмоқли йил бўлди.
Республика ҳудудларида ичимлик сув таъминоти ва оқава сув инфратузилмасини ривожлантириш бўйича катта ишлар амалга оширилди.
Ушбу мақсадларда 1,7 трлн. сўм миқдордаги бюджет маблағлари ҳисобидан 550 тадан ортиқ объектлар фойдаланишга топширилди. Халқаро молия институтлари ҳамкорлигидаги 10 та йирик лойиҳалар доирасида 99 млн. долларга яқин кредит маблағлари ўзлаштирилди.
800 мингдан ортиқ аҳолининг ичимлик суви таъминоти, 75 мингдан ортиқ аҳолининг оқава сув хизматлари яхшиланди.
Иссиқлик таъминоти соҳасини ривожлантириш натижасида қўшимча 300 тадан ортиқ кўп квартирали уйларда истиқомат қилувчи 50 мингга яқин аҳолининг иссиқлик таъминотини қайта тикланди. Илк бор Халқаро молия институтлари маблағлари жалб этилди. Андижон, Чирчиқ, Бухоро, Самарқанд шаҳарлари ва Тошкент шаҳрининг Сергели туманида марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш учун Жаҳон банки иштирокида 220,7 млн. доллар қийматдаги лойиҳаларни амалга оширишни бошладик.
Шаҳар ва туманлардаги 5 400 тадан ортиқ кўп квартирали уйлар таъмирланди, уйларга туташ ҳудудлар ободонлаштирилди, 1 500 тадан ортиқ болалар майдончалари, 188 та тандирхоналар, 115 та санитар узеллар қурилди ва таъмирланди.















