«Мени таниганларнинг ҳар бири ижтимоий тармоқларда пост ёзиш бўйича мутахассис эмаслигим, айниқса узундан-узоқ постлар ёзмаслигимни яхши билишади», — дейди ҳикоя муаллифи, Исроилда истиқомат қилаётган Игорь Рубин ўзининг Facebook’даги саҳифасида.
«Лекин бу ҳафта бошимдан ўтказган ғаройиб воқеани барчангиз билан ўртоқлашишни лозим деб топдим…
Кўпчилигингиз биласиз, Беларусда менинг ўғлим яшайди ва ҳар 6–7 ҳафтада олдимга келиб туради.
У 6 ёшда, 5 ёшидан бошлаб ёлғиз ўзи парвоз қилади (албатта, самолётга чиқариб қўйиш ва кутиб олишда у кузатув остида бўлади). Лекин коронавирус барчамизнинг режаларимизни ўзгартириб юборди ва менинг Даниэлим Беларусда қолиб кетди.
Муаммо шундаки, Беларусь коронавирусга қарши ҳеч қандай чора кўрмаётган кам сонли давлатлардан бири бўлиб турибди. У ерда ҳаёт ўз ўзани бўйлаб оқмоқда, маҳаллий футбол чемпионати ўйинлари бутун дунёга олиб кўрсатилмоқда... Хуллас, у ер инсон, айниқса ёш бола айни дамда бўлиши лозим бўлган энг хавфсиз жой ҳисобланмайди.
Ўтган жума куни қарасам — Минскдан Бен-Гурионга тўғридан-тўғри рейс қўйилибди, дарҳол ўғлимга чипта харид қилдим ва уйни тайёрлай бошладим.
Чунки шанба куни Бен-Гурионда Нью-Йоркдан самолёт келиб қўнган, учиб келганларнинг барчаси Исроил соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳеч қандай назоратларсиз уй-уйларига тарқатиб юборилган, шу сабабли шанба куни қабул қилинган қонунга кўра, Исроилга кириб келган ҳар қандай фуқаро меҳмонхонада изоляцияда сақланиши талаб қилинади.
Якшанба куни мен 6 ёшли боланинг якка ўзи қандай қилиб изоляцияга олиниши мумкинлигига қизиқа бошлашни мақсад қилган эдим, шанба куни кечқурун куёвим қўнғироқ қилди ва «Facebook’даги постлардан бирининг остидаги изоҳларда транспорт вазирининг телефон рақами бор, унга қўнғироқ қилиб, болани нима қилишни сўра», деб қолди. Мен куёвимга сурбетларча «Яхшиси, Бибининг телефонини топиб берсанг бўларди», дебман...
Мен бир неча соатдан сўнг, аниқроғи шанба куни соат 22:59да транспорт вазири Бецалел Смотричга ёздим ва бир неча дақиқалардан сўнг у вазиятни тўла англаётгани, мудофаа вазирлигини муаммом ҳақида огоҳлантиришини айтиб, эртаси куни мудофаа вазирлиги бўлим бошлиғи Итай Гершковиц билан гаплашишимни тавсия қилди.
Мендек оддий фуқарога мамлакат раҳбариятидан бу қадар зудлик билан жавоб олиш жуда ғайриоддий ва кутилмаган ҳол эди. Фикримча, ҳар бир одам бундай вазиятда таажжубланарли ҳолатга тушиб қолар эди, лекин бу ҳали ҳикоянинг бошланиши…










