Европа Лигаси доирасида Амстердамнинг «Аякс» ҳамда Тел-Авивнинг «Маккаби» жамоалари ўртасидаги учрашувда спорт нуқтайи назардан айтарли интрига йўқ эди. Шундай бўлди ҳам.

Нидерландия бош жамоаси Исроил бош жамоасини 5:0 ҳисобида енгди. Аммо ўйин атрофидаги воқеалар шунчалик жиддий тус олдики, у ҳақда Америка президентигача муносабат билдирди.

Қуйидаги видеода воқеалар ривожи келтирилади.

Ким бошлади?

Аввал нималар бўлгани ҳақида икки оғиз. Тармоқда ёппасига нидерландиялик маҳаллий фуқаролар Маккаби билан Амстердамга борган исроиллик мухлисларни ушлаб ураётгани тасвирланган видеолар тарқалди. Жанжал шу қадар катталашиб кетдики, бир эмас иккита давлатга урушаётган Исроил мудофаа армияси мамлакат фуқароларини Нидерландиядан олиб келиш учун махсус кучлар ва иккита самолёт юборишга тайёр эканини маълум қилди. Нидерландияда чинакам дипломатик низо авж олди.

Бу ҳолатни ҳар ким хоҳлаганича талқин қилди. Исроил нашрлари табиийки, «Маккаби» мухлислари яҳудий бўлгани учунгина таъқиб қилингани ҳақида хабар берди. Араб нашрларида эса исроиллик мухлислар Амстердамда Фаластин байроғини ёқиб провокация қилишгани айтилади.

Бу икки хил ёритишни кўрган одамлар ҳам табиийки иккита бўлинди. Лекин на у томондагилар, на бу томондагилар гап аслида нимада эканини билгиси келмади.

Тўқнашувлар тинчиганидан сўнг нидерландиялик полициячилар воқеалар мотиви билан боғлиқ илк расмий версияларни билдира бошлашди. Амстердам полицияси тартибсизликларни бартараф этиш бўлими раҳбари Петер Ҳолл исроиллик ва маҳаллий мухлислар ўртасидаги можаро бошланишига сабаб бўлган омилларга тўхталди. Унинг сўзларига кўра, жанжал бошланишига олиб келган ҳолатлардан бири - исроиллик мухлислар маҳаллий уйлардан бирининг балконида осиғлиқ турган Фаластин байроғини йиртиб олиб, бу ҳолатни интернетга тарақатгани бўлган. Бундай видео чиндан тармоқда тарқалганди. Унда исроиллик мухлислар Фаластин байроғини йиртиб олиб «Йўқолсин Фаластин!» деб бақириб байроқни ёқишади.

Шундан кейин ғазаб отига минган маҳаллий мухлислар «Маккаби» мухлисларини калтаклашга тушишади. Маҳаллий таксичилар ҳам исроилликларни қувиб боришади. Меҳмон мухлисларнинг кўпчилиги қўриқчилар томонидан жиддий қўриқланадиган казинога яширинган. Нидерландияликми ёки муҳожирларми, ким экани номаълум бўлган бир гуруҳ одамлар исроиллик мухлисларни тўхтатиб, уларнинг паспортини кўздан кечириб Исроил фуқароси эканига ишонч ҳосил қилгач, калтаклаб, видеога олишгани акс этган видеолар ҳам тарқалди. Исроилнинг бир неча фуқаросининг паспорти йўқолган.