Ўзбекистон | 11:00 / 19.04.2020
20542
6 дақиқада ўқилади

Интервью: Шерзод Шерматов онлайн дарсларга ўқитувчиларни саралаш, уларга бўлаётган танқид ва интернет тезлиги ҳақида

18 апрель куни Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва бир гуруҳ журналист ҳамда блогерларнинг онлайн мулоқоти бўлиб ўтди. Унда вазир халқ таълими соҳасида долзарб бўлиб турган бир қатор саволларга жавоб берди. Мулоқотда журналистлар томонидан телевидение орқали ўтилаётган онлайн дарсларга ўқитувчиларнинг танлаб олиниш жараёни борасида савол берилди.

Вазир Шерматов саволга жавобан ўқитувчилар бу жараёнга йил давомида танловлар ўтказиб, ҳакамлар ҳайъатини тайинлаб, очиқ дарсларда баҳоланиб танланмаганини айтди.

«Чунки бундай танлашга имконият ҳам йўқ эди. Ўзимиз ҳам олдиндан тайёргарлик қилмаган эдик. «Йил ўқитувчиси» бўлган, танловларда қатнашган ўқитувчилар бор. Танловимиз асосан Тошкент шаҳри билан чекланган, чунки карантин бўлгани учун ўқитувчиларни вилоятдан олиб келиш имконияти бўлгани йўқ. Болаларни олимпиадаларга тайёрлаган, ҳамма соҳадан яхшироқ бўлган ўқитувчиларнинг рўйхати олиб турилади, шуларнинг ичидан танлаб олинган. Қисқа муддатда танлангани учун хато ўтадиган вазиятлар бўлди», – деди у.

Шерматов жавобида онлайн дарсларни кузатиб, ўқитувчилардан камчилик топаётганларнинг ўзи хато нимадалигини тушунмаётгани борасида тўхталиб ўтди. 

«Инқироздан олдин ўқитувчиларни касбий лицензияси, сертификатлаштиришни амалга ошириш таклифи берилган эди. Чунки ўқитувчилик касбига кириш учун ҳам кўпгина мамлакатларда шу нарса бор. Ижтимоий тармоқларда [бу масала юзасидан] роса “тўполон” бўлди. Бундан кўзланган мақсад – ўз устида ишлайдиган, методологияни биладиган, дарсни яхши ўтадиган ўқитувчиларни секин-секин шакллантириш эди. Лицензиялаш бўйича қанча тўполон кўтарилгани бирдан эсимиздан чиқиб кетди. 15 мартда Республика махсус комиссиясининг қарори қабул қилинганидан кейин 16 мартдан рўйхатларни қилиб, телевидение билан гаплашиб, суратга олиш жараёнларини бошлаб юбордик. Телевизорда чиқаётган ўқитувчиларни энг яхши ўқитувчилар деб бемалол айтиш мумкин. Чиқиш учун биринчидан, ўқитувчининг ўзи тайёр бўлиши керак, ҳамма ерда карантин бўлиб, ҳамма уйида ўтирган вақтда қўрқмасдан [телевидениега] бориши керак. Иккинчидан, уларнинг хатосини топиб, тўполон бўлганидан кейин уларнинг ҳам кўнгли совиб, биз ҳам қолган ўқитувчиларга ўхшаб уйда ўтира қолайлик деб айтганлари ҳам бўлди. Булар ҳам чиқмаса, нима қилишимиз керак, эфирни ўчириб қўйишимиз керакми?», - деди у.

Вазирга кўра, онлайн дарсларни ўтиш учун бошида келган ўқитувчилар таркиби билан ҳозиргиси ўртасида катта фарқ бор ва жараён доимий ўзгариб боради. Бугун нафақат онлайн дарслар, балки кунлик янгиликларни ўқиш, хабарлар алмашишда ҳам миллионлаб ўзбекистонликларни бир муаммо қийнайди — сифатсиз интернет.

Шерматовга бу борада унинг бир пайтлар АКТ вазири бўлгани эслатилиб, интернет тезлигини ошириш учун нималар қилиш кераклиги ҳақида савол берилди.

«Тўрт йил олдинги вақтга қарайдиган бўлсак, Zoom`да сизлар билан бундай гаплаша олмас эдик. Чунки 1 мбитлик тарифнинг ўзи катта тариф ҳисобланади. Бундай тариф олиш ҳам қийин. Ҳозир кўз тегмасин, бемалол гаплашяпмиз. Бу ҳам интернет тезлигининг ўзгарганига далолат бўлса керак. Шунинг учун интернет тезлиги ошганини ҳам инобатга олиш керак. Ижобий ўзгариш бор. Сўнгги уч йилда ундан олдингига қараганда интернетнинг тезлиги анча ошган. Оптиканинг кўпайгани жиҳатидан ҳам, телефонларда ҳам интернет тезлиги аввалгига қараганда ошган. Бироқ [интернетга бўлган]талаб ҳам ошиб боряпти. Айниқса, карантинга ўтилганидан кейин талаб жуда ошди. Бутун дунёда карантинга ўтилганидан кейин интернет ўртача 30-40 фоизга секинлашди.

Лекин интернет тезлигини бундан кейин ҳам оширишимиз керак. Амалга оширилаётган ишлар бўйича Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги маълумот берса керак», – деди Халқ таълими вазири. Унга кўра, карантин даврида онлайн дарсларни интернет орқали ташкил қилинмаганига сабаб ҳам интернет тезлиги муаммоси ҳисобланади.

«Интернет қанақалигини биламиз. Масалан, қўшни давлат Қозоғистон республикасини олайлик. Биздан анча олдин интернет бозорларига сармоя киритган. Улар ҳам бошида онлайн дарсларни интернет орқали ўтамиз деб ҳаракат қилишди. Кейин «интернетимиз инфратузилмани кўтармас экан, онлайн ўтмаймиз», деб телевизион дарсларга ўтишди. Биз бошидан “оғир” трафик – видеоларни телевидение орқали жўнатамиз деб қарор қилдик. Чунки бу ҳам қўшимча «нагрузка» бўлиши керак эмас эди. Болаларнинг таълим сифатига салбий таъсирининг олдини олиш учун биз интернет орқали узатаётганимиз йўқ. Дарсларнинг «Онлайн мактаб» деб аталиши – шунақа ном, лекин дарслар телевидение орқали кетяпти.

Электр бўлмаган ҳудудлар, тоғли ҳудудлар бор. Вақти-вақти билан у ерга ҳам бориши керак. Лекин оммани энг кўп қамраб олиш йўли – телевидение. Бу дарсни тўлақонли олиб бориш учун интернет керак эмас. Интернет бунга қўшимча. Ўқитувчилардан ўқувчиларнинг онлайн дарсларни кўриши, уй вазифаларини бажариши,тушунмаган жойлари бўлса, ёрдам беришини телеграм [иловаси] бўлса телеграм орқали, бўлмаса телефон орқали назорат қилиш айтилган эди. Ҳозирги онлайн дарсларни давом эттириш учун интернет мажбурий эмас», – деди Шерматов.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 декабрдаги қарорига кўра, ҳар бир вазирлик ўзининг асосий харажатларидан ташқари жамғармаларидаги маблағни республика бюджетига ўтказиши белгиланган.Хўш, қарор бўйича Халқ таълими вазирлигидан қанча маблағ бюджетга йўналтирилиши мумкин?

Шерматов саволга қуйидагича жавоб берди: «Қарорда ҳаммаси ёзилган. Албатта, бу ҳам халқ таълими соҳасига ажратилиши кўзда тутилган маблағларнинг қисқаришига олиб келади. Элга келган тўй. У ерда биринчи қисқараётганлар – қўшимча тўланадиган рағбатлантириш пуллари. Давлат тизимининг барча тузилмаси бўйича рағбатлантириш пуллари камаймоқда. Инқироз даври ҳамма бирлашадиган давр. Шунинг учун ҳаммамиз бирлашиб қийинчиликларни бирга енгиб ўтишимиз керак. Шунинг учун нафақат бизнинг соҳада, бошқа исталган давлат бошқаруви ташкилотида ҳам ойлик камаяди».

Интервюни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид