Испания ҳукумати мактаб ўқувчиларига имтиҳонсиз баҳо қўйиб бермоқчи, айрим провинциялар бунга қарши
Испанияда карантин туфайли жорий ўқув йили якунида ўқувчиларни баҳолашнинг ноодатий усули таклиф қилинмоқда: барча ўқувчиларга кейинги ўқув йилига ўтиш учун етарли балл берилиши мумкин.
15 апрель куни Испания таълим вазирлиги ва маҳаллий ҳокимият вакиллари ўртасида виртуал мулоқот бўлиб ўтди. Унда таълим вазири Исабел Селаа бошланғич, ўрта таълим, мажбурий ўрта таълим ва олийгоҳга тайёрлов босқичи ўқувчиларига кейинги ўқув йилига ўтиш учун етарли баллни бериш таклифини илгари сурди.
El Pais`нинг ёзишича, вазир таклифига асосан, жорий ўқув йили охирида барча ўқувчиларга автоматик равишда кейинги ўқув йилига ўтиш учун етарли балл қўйиб берилади.
Ўқитувчилар ҳар бир ўқувчининг баллини ўқув йилининг дастлабки икки чоракдаги ўзлаштириш кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда белгилайди.
Ўқувчи баъзи фанлар бўйича якуний имтиҳонлардан ўта олмаса ҳам, бу уларнинг ўқишдан қолдирилишига асос бўла олмайди. Қониқарсиз натижа кўрсатганларга кейинги ўқув йилининг аввалида қайта имтиҳон топширишлари учун имкон берилади.
Бунга сабаб – масофавий таълимдаги муаммолар
Ҳукуматнинг бундай таклиф билан чиқишига масофавий таълимдан фойдаланиш имкониятларининг чеклангани сабаб бўлди.
Бир ойдан ортиқроқ вақтдирки, пандемия туфайли испан ўқувчилари уйда қолишга мажбур бўлмоқда.
Мактаблар онлайн ўқитиш воситаларидан фойдаланган ҳолда турли даражада масофавий таълимни ташкил этишга ҳаракат қилишяпти. Аммо барча мактабларда ҳам сифатли масофавий таълимни ташкил этиш ресурсларининг йўқлиги муаммо бўлмоқда.
Шунингдек, испан оилаларининг ҳаммаси ҳам замонавий технологиялардан фойдаланиб, фарзандлари учун масофавий таълимга шароит яратиш имкониятига эга эмас. Бу эса ўқувчиларнинг таълимдан орқада қолишига сабаб бўлиши мумкин.
Университетга кириш имтиҳонлари соддалашиши мумкин
Мамлакатда кейинги ўқув йилида олий таълимга ҳужжат топшириши керак бўлганлар – бачилерато ўқувчилари 8,2 млн нафарни ташкил этади. Статистикага кўра, уларнинг 10 фоизи таълимни уйда масофавий тарзда давом этиш имкониятига эга эмас.
Шуни инобатга олган ҳолда, жорий йилда маҳаллий университетларга кириш имтиҳонларини имкон қадар соддалаштириш таклифи илгари сурилмоқда.
Мактаблар ёзда ҳам ишлаши мумкин
Таълим бўйича баъзи экспертлар соғлиқни сақлаш тизими изн берган тақдирда мактабларнинг ёзда ҳам ўз фаолиятини давом эттиришини таклиф қилишмоқда.
Бунда оилавий шароит сабабли фанларни уйда ўзлаштира олмаган ўқувчилар ёзда мактабга келиб ўқишлари, спорт билан шуғулланишлари мумкин бўлади.
«Аксарият оилалар фарзандининг масофавий таълимини ташкил этиш учун етарли имкониятга эга эмас. Фарзанди билан бирга дарс тайёрлаш учун ҳам уларда керакли кўникма ва салоҳият бўлмаслиги мумкин. Бу эса баъзи ўқувчиларнинг таълимдан орқада қолишига сабаб бўлади», дейди «Болаларни қутқаринг» нотижорат гуруҳи тадқиқотчиси Альваро Феррер.
Таълим мутасаддилари иштирокидаги виртуал мулоқотда ўзлаштиришдан орқада қолган ўқувчилар учун ёзги мактаб ташкил этиш ёки 2020/21 ўқув йилида улар учун қўшимча таълим дастурларини йўлга қўйиш фикрлари ҳам илгари сурилган.
Испанияда болалар уйдан чиқа бошлашига қачон рухсат берилиши ҳали номаълум. Болаларни карантиндан оддий ҳаётга қайтариш ишлари бўйича кооринатор Хосе Луис Педрейрага кўра, бу жараён босқичма-босқич, аниқ қоидаларга риоя қилган ҳолда амалга оширилиши зарур.
«Болалар одатий турмуш тарзига қайта бошлаганларида ижтимоий масофаланишга риоя қилиши, кўча анжомларига қўл теккизмаслиги, унинг учун масъулиятни ўз бўйнига олувчи катталар ҳамроҳлигида бўлиши керак», дейди Педрейра.
Ҳозирча якдил келишув йўқ
Даставвал таълим мутасаддилари юқоридаги таклифлар бўйича ягона келишувга эришган бўлса ҳам, кейинги маълумотларга кўра, баъзи провинциялар бу таклифларга норозилик билдирган.
Хусусан, Мадрид, Андалусия, Кастилия-Леон ва Басклар мамлакати марказий ҳукумат таклиф қилаётган ҳужжатга қаршилигини билдирди.
Мурсия бу ҳужжат шартларини бажарса-да, лекин қўллаб-қувватламаслигини маълум қилган. Каталония эса ҳали ўз позициясини билдирганича йўқ.
Пойтахт Мадрид расмийлари Испаниянинг таълим тўғрисидаги LOMCE қонунига асосланган ҳолда иш кўришини билдирган.
«Қонунга кўра, бачилератонинг биринчи босқич ўқувчилари иккитадан кўп бўлмаган фанни қолдирса, кейинги босқичга ўтиши мумкин. Бачилерато битирувчилари эса барча фанларни тўлиқ топшира олсагина, ўқишни тамомлаган ҳисобланади. Бир неча фанларни қолдирган ўқувчиларга ҳам таълимнинг кейинги босқичига ўтиш имконини бериш бўйича таклифни қабул қила олмаймиз», дейилади Мадрид маҳаллий ҳукумати ахборотида.
Марказий ҳукумат айрим регионлар норозилигига қарамай, барча ўқувчиларга ўтиш баллини бериш ҳақидаги ҳужжатни тайёрлаш фикридан қайтган эмас. Ҳужжат фақатгина уни қабул қилган ҳудудларда амал қилади.
Ўқув йилини тугатиш борасида мамлакат бўйича якдил келишувнинг йўқлиги турли ҳудудларда баҳолашнинг ҳар хил шаклларини келтириб чиқариши, баъзи ўқувчиларнинг олий таълимга кириш имкониятлари камайишига сабаб бўлиши мумкин.
Маълумот учун, Испания – 17та автоном провинция ва 2та автоном шаҳардан иборат. Қиролликдаги қайсидир миллат ёки ҳудуднинг мавқейи бошқалардан устун бўлиб қолишига йўл қўймаслик учун ана шундай конституциявий тартиб белгиланган. Давлат шакли расман федерация деб эмас, номарказлашган унитар давлат деб юритилади.
Испания таълим тизими тўрт асосий босқичдан иборат:
1. мактабгача таълим;
2. бошланғич таълим (6 йил);
3. ўрта таълим:
мажбурий ўрта таълим – табиий, гуманитар, аниқ фанлар ва тиллар бўйича бирдек таҳсил берилади (4 йил);
бачилерато – ихтиёрий бўлиб, муайян соҳага ихтисослашган ҳолда ўқитилади. Университетда олий таълимни давом эттирувчилар тайёрлов учун ҳужжат топширади;
4. олий таълим.
Мавзуга оид
21:44 / 12.11.2024
Испаниянинг қатор ҳудудлари кучли ёғингарчилик хавфидан огоҳлантирилди
14:30 / 12.11.2024
РФ хавфсизлик кучлари Испанияда учувчини ўлдирганликда гумонланмоқда
17:58 / 10.11.2024
Испанияда оммавий норозилик намойишлари: аҳоли Валенсия ҳукумати истеъфосини талаб қилмоқда
22:04 / 06.11.2024