Иқтисодиёт | 18:05 / 20.04.2020
11845
2 дақиқада ўқилади

Путиннинг мурожаатлари ортидан россияликларда нақд пулга талаб кескин ошгани маълум бўлди

​​​​​​​Россия президенти Владимир Путиннинг телевизион мурожаатларидан сўнг россияликлар банклардан нақд пулларни янада фаолроқ ечиб ола бошлашган, деб ёзади Bloomberg. Март ойи бошидан бошлаб россияликлар 1 триллион рубль нақд пул олишган. Бу эса бутун 2019 йилгидан кўпроқ.

Фото: Bloomberg

Россияликлар ўртасида нақд пулга бўлган талаб Владимир Путиннинг аҳолига телевизон мурожаатларидан сўнг кескин ошган, деб ёзмоқда Bloomberg Россия Марказий банки маълумотларига асосланиб. Агентликнинг қайд этишича, нақд пулларни ҳисоб-рақамлардан ечиб олиш бўйича илк сакраш президент томонидан омонатларнинг фоизига солиқ жорий этилиши эълон қилинганидан сўнг рўй берган, иккинчиси эса — ишланмайдиган кунлар апрель ойининг охирига қадар чўзилиши эълон қилингач.

Март ойи бошидан буён банкоматлар ва банк бўлимларидан 1 триллион рублга яқин пул ечиб олинган — бу эса 2019 йил давомидаги натижадан ҳам кўпроқ дегани, дея ёзади Bloomberg регулятор маълумотларига асосланиб.

«Одамлар банклар карантин чоғида ишламай қолиши мумкинлигидан чўчишган. Улар пулларни ҳам озиқ-овқат захирасини ғамлаганларига ўхшаш сабаб билан ечиб олишган», деган агентликка Райффайзенбанк таҳлилчиси Денис Поривай.

Россияликларнинг банкоматларга ёпирилиши Путин томонидан омонат фоизларга солиқлар ҳамда узун таътиллар билан боғлиқлигини собиқ иқтисодиёт вазири Андрей Нечаев «Эхо Москви» радиостанцияси эфирида ҳам таъкидлаб ўтган.

«Омонатларнинг чиқиб кетиш жараёни бўлиб ўтгани — факт… банклар ишлаш-ишламаслиги номаълум бўлиб турган эди, одамларга эса пул керак, таҳликали кунларда улар ўзларида пул захираси бўлишини исташгани тушунарли», деган Нечаев.

Мавзуга оид