Ўзбекистон | 21:31 / 22.04.2020
20373
4 дақиқада ўқилади

Барча туман ва шаҳарларда ишсиз қолган ва эҳтиёжманд аҳоли рўйхатини шакллантириш бўйича кўрсатма берилди

Ўзбекистонда карантин туфайли 196 мингта корхонада ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш ҳажми кескин камайган ва ишсизлар сони ҳам ошган. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида 22 апрель куни ўтказилган аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромади кескин камайишининг олдини олиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

 «Буни апрель ойидаги 20 кунлик солиқ тушумларида ҳам кузатиш мумкин. Жумладан, қатор вилоятларда 30-40 фоиз, айрим туман ва шаҳарларда эса 50 фоиздан зиёд тушум таъминланмаган.

Бундай оғир шароитда давлатимиз томонидан қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, бир ой илгари қабул қилган 2та қарорга асосан, ҳозирга келиб нафақа ва моддий ёрдам оладиган болали оилалар сони 595 мингдан 655 мингга, яъни 60 мингтага кўпайтирилди. Шунингдек, аҳолининг кредитлар бўйича 3 триллион 260 миллиард сўмлик тўловлари муддати узайтирилди.

Карантин даврида Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ва Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан 141 минг 800 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланиб, уларга 43 миллиард 225 миллион сўм иш ҳақи тўлаб берилди. Шу билан бирга, Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари томонидан 219 минг оилага озиқ-овқат ва санитария-гигиена маҳсулотлари тарқатилди.

Бироқ, шу билангина чекланиб қолиб бўлмайди. Кун сайин ўзгараётган вазият аҳоли бандлигини таъминлаш ва муҳтож оилаларни ижтимоий ҳимоялаш бўйича қўшимча чоралар кўришни талаб этмоқда», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда карантин чекловлари сабабли вақтинча ишсиз қолган фуқароларни моддий қўллаб-қувватлаш масаласи Самарқанд ва Наманган вилоятларида амалга оширилаётган ишлар мисолида муҳокама қилинди.

Тадбиркор ва фермерлар камбағал оилаларга томорқада экин экишга ёрдам бериши, такрорий экин учун ўз еридан жой ажратиши, касаначиликни йўлга қўйишда кўмаклашиши лозимлиги таъкидланди. Давлат эса бундай субъектларга солиқни бўлиб-бўлиб тўлаш, муддатини кечиктиришга рухсат беради ёки кредит ажратади.

Мисол учун, Самарқанд вилоятида «Агромир» корхонаси раҳбари бир мингта оилани қарамоғига олиб, 600 гектарда янги токзорлар барпо этиш ишларини бошлаган. 500 дан зиёд камбағал оилани кооперативга доимий ишга олиб, янги токзорлар орасини уларга бўлиб берган ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни йўлга қўйган. Қирқ кунда ҳосил олса бўладиган бодринг уруғини тарқатиб, экиш ҳаракатларини бошлаган. Қурилиш ишларига яна 100 та одамни ишга олган.

Самарқанд шаҳридаги «Азия металл проф» корхонаси раҳбари мингта оилага озиқ-овқат тарқатган, 10 га яқин эҳтиёжманд оилага уй қуриб бериш, 100 нафарини ишга олиш ташаббуси билан чиққан.

Шунингдек, Наманган вилоятидаги «Арт софт» кластери таъсисчилари Наманган шаҳри, Поп, Мингбулоқ ва Янгиқўрғон туманларида 3 минг нафар оилага ёрдам бериш ташаббуси билан чиқдилар.

Бу борадаги тадбирларни самарали ташкил этиш мақсадида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитаси масъуллигида вазирлик ва ҳокимликлар фаолиятини мувофиқлаштириб борувчи оператив штаб тузилади.

Барча туман ва шаҳарларда ишсиз қолган ҳамда эҳтиёжманд аҳолини номма-ном аниқлаб, шакллантирилган рўйхатлар асосида «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасидаги ишларни манзилли йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Карантиндан олдин ҳам ишсиз бўлган ва кунлик даромад асосида яшаб келган одамларни фаол меҳнат орқали иш билан таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Хусусан, қишлоқ хўжалиги кооперативлари ва хонадонларда иссиқхоналар ташкил этиш ҳисобига 14 мингта янги иш ўрни яратиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. 110 минг кишини мавсумий, 167 минг фуқарони жамоат ишлари билан қамраб олиш вазифаси қўйилди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган сўнгги бир неча йиғилишда қишлоқ хўжалиги, қурилиш, кимё саноати ва машинасозлик бўйича муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилди. Бу ишлар жойларда тўғри ташкил қилинса, минглаб одамлар бандлиги таъминланади.

Масалан, қудуқ қазиб 26 минг гектар майдонда ташкил этиладиган боғ, токзор ва иссиқхоналарда 52 минг, ипакчилик тармоғида 785 минг, қурилиш ва инфратузилма соҳасида 75 минг янги иш ўрни яратиш мумкин.

Президентимиз белгиланган вазифаларни сифатли бажариб, одамларни ҳам банд, ҳам рози қилиш кераклигини таъкидлади.

Мавзуга оид