Жаҳон | 19:55 / 22.04.2020
29545
2 дақиқада ўқилади

«Мен ислом динига яқинроқман»: Дмитрий Песковнинг қизи Рамазон ойида рўза тутишини айтди

ОАВнинг ёзишича, Кремль матбуот котибининг қизи ўтган йили Рамазон ойида бир неча кун рўза тутган.

Фото: Instagram

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг қизи Елизавета ўзининг Instagram саҳифасида эътиқодли эканлигини ёзди ва Рамазон ойида рўза тутишини билдирди.

У аслида Россия православларини Пасха билан табриклаб пост қолдирган.  

Елизавета постида ота-онаси уни болалигида ҳеч бир динга йўналтирмаганини, улғайганида қайси динга эътиқод қилишни ўзига қўйиб беришганини ёзган.

У Россияда ҳақиқий православлик дини борлигига шубҳа билдирган.

«Муҳташам кортежи бўлган патриарх ишончга сазовор эмас», - деб ёзган Пескова.  

Елизаветанинг сўзларига кўра, у ҳозирча дин борасида аниқ танлов қилмаган, аммо унинг қалбига Ислом дини яқин.

«Албатта, лекин мен ислом динига яқинроқман», – деб ёзган Пескова, фойдаланувчилардан бирининг у буддизмни ўргангани тўғрисидаги саволига жавобан.

Фойдаланувчилар шунингдек, унинг Рамазон ойида рўза тутишига қизиқишган.

«Ҳа», - деб жавоб берган Пескова ва ўтган йили бир неча кун рўза тутганини қўшимча қилган.

ОАВнинг ёзишича, Кремль матбуот котибининг қизи ўтган йили Рамазон ойида бир неча кун рўза тутган.

«Тиббий нуқтаи назардан, Рамазон организм учун жуда фойдали (агарда тўғри овқатланилса). Асосийси, ҳар қандай рўзадан мақсад – интизом, роҳатлардан воз кечиш, диққатни руҳий ҳолат ва фикрлашга қаратиш», деб ёзган Елизавета Пескова.

Унинг сўзларига кўра, рўза тутишда унинг учун энг асосийси ният бўлган. 

«Ният бўлса, организм ўзи мослашиб олади ва талаб қилмай қўяди», деб таъкидлаган у.

Мавзуга оид