Иқтисодиёт | 15:50 / 23.04.2020
10137
3 дақиқада ўқилади

Жамшид Қўчқоров халқаро ташкилотлардан кутилаётган ёрдам ҳақида маълумот берди

Бош вазир ўринбосарининг маълум қилишича, Халқаро валюта жамғармасидан 375 млн доллар, Жаҳон банкидан 750 млн доллар, Осиё банкидан 500 млн доллар олиш бўйича келишувларга эришилган.

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров сўзга чиқди.

У пандемияга қарши курашиш учун харажатлар инфляцияга қай даражада таъсир қилиши тўғрисидаги саволга жавоб қайтарди.

«Сиз жуда тўғри савол кўтаряпсиз, яъни бунинг Ўзбекистонга таъсири кутилмаган бўлдими ёки биз бирор қийинчиликка дуч келдикми дегандек савол беряпсиз. Мен бунга ҳам аниқ-равшан қилиб жавоб бермоқчиманки, биринчидан, албатта бу пандемия бизнинг иқтисодиётимизга таъсир қиляпти. Иккинчидан, бу пандемияга қарши кураш бўйича бизда бирор бир жиддий муаммо йўқ. Ҳеч қандай масала йўқ», деди Жамшид Қўчқоров.

У сўнгги уч йилда Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида гапирди.

«Сўнгги 3 йилда Ўзбекистонда мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилди. Бу ислоҳотлар биров учун эмас, иқтисодий тараққиёт учун. Шунинг учун Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари сўнгги йилларда дунёдаги энг баланд иқтисодий ўсиш кўрсаткичларидир. Бу юқори ўсиш кўрсаткичларини барча халқаро иқтисодий, молиявий ташкилотлар тасдиқлаб келяпти.

Бундай иқтисодий ўсиш нимага олиб келади? Мамлакатнинг молиявий иқтисодий қудрати кўпайишига, кучайишига олиб келади. Сўнгги 3 йилда олтин-валюта захираларимиз 3 млрд долларга кўпайди», дея ҳукумат вакилининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазир халқаро молия ташкилотлари томонидан Ўзбекистонга кўрсатилиши кутилаётган молиявий ёрдам ҳақида маълумот берди.

«Халқаро валюта жамғармаси ўзи аслида, ҳукуматларга кредит бермайди. Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, улар ҳам 375 млн доллар беришига келишиб олдик. Ундан ташқари, Жаҳон банки 750 млн доллар, Осиё банки 500 млн доллар ва ҳоказо. Мана шу маблағларнинг асосий қисми ҳали етиб келгани йўқ, лекин Ўзбекистон давлати ўзининг етарли молиявий куч-қудратига эга.

Бугуни кунга келиб қилинган харажатлар ҳақида гапирадиган бўлсак, булар барча манбалар - давлат бюджети, ҳомийлик маблағлари, халқаро молия институтлари грантлари ва кредитлари ҳаммасини ҳисоблайдиган бўлсак, булар қарийб 3,5 трлн сўмга етди», деди Қўчқоров.

Унинг йил якунларига кўра, Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш 1,5-2 фоизни ташкил қилиши, инфляция даражаси эса ўтган йилгидан пастроқ бўлиши кутилаётганини қўшимча қилган.

Мавзуга оид