Ўзбекистон | 09:37 / 24.04.2020
1955
4 дақиқада ўқилади

Депутатлар Ҳисоб палатасининг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқлади

Бюджет маблағлари ҳисобидан 1,1 трлн. сўмлик ноқонуний ва самарасиз харажатлар ҳамда бир қатор услубий хато ва камчиликлар аниқланиб, 150 млрд. сўмнинг жойида бартараф этилиши таъминланган, 532 млрд. сўмлик харажатларни оптималлаштириш бўйича таклифлар киритилган

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

2020 йил 23 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда халқ вакиллари Ҳисоб палатасининг 2019 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқдилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарига кўра, мажлисда Ҳисоб палатаси раисининг ўринбосари Б. Туробов ҳисобот билан сўзга чиқди.

Ҳисоб палатаси томонидан 2019 йилда жами 344 та, шундан 188 таси ҳудудларга чиққан ҳолда, қолган 156 таси эса, масофавий тарзда назорат тадбирлари ва таҳлиллар ўтказилиб, ушбу назорат тадбирларида Ҳисоб палатасига бевосита юклатилган 10 та йўналишдаги вазифалар билан биргаликда бир қатор алоҳида ва қўшимча топшириқлар бўйича ишлар олиб борилган. Давлат бюджетига қўшимча 2,7 трлн. сўмлик даромад манбалари аниқланиб, 2019 йилда белгиланган қўшимча даромад манбалари ҳудудлар бўйича тўлиқ таъминланишида амалий ёрдамлар кўрсатилган.

Бюджет маблағлари ҳисобидан 1,1 трлн. сўмлик ноқонуний ва самарасиз харажатлар ҳамда бир қатор услубий хато ва камчиликлар аниқланиб, 150 млрд. сўмнинг жойида бартараф этилиши таъминланган, 532 млрд. сўмлик харажатларни оптималлаштириш бўйича таклифлар киритилган.

Бундан ташқари, президент қарорлари ва ҳужжатларидаги 35 мингга яқин топшириқлар ҳамда олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган 4 мингдан ортиқ 130,0 млрд. долларлик келишувлар ижроси юзасидан назорат олиб борилган.

2019 йилда вазирлик ва идораларнинг президент топшириқлари ижроси юзасидан Ҳисоб палатасига киритган 47 591 та маълумот ва ҳисоботлари кўриб чиқилган. Олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган келишувлар ва стратегик корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳалари, пул-кредит сиёсати, импорт ва маҳаллийлаштириш масалалари юзасидан ўрганиш ва таҳлиллар ўтказилиб, уларнинг натижалари бўйича давлат раҳбари, президент администрацияси, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа мутасадди ташкилотларга киритиб борилган.

Шунингдек, Ҳисоб палатаси томонидан ҳудудларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари кўчмас мулкларининг бузилиши натижасида етказилган зарарни қоплаш учун республикадан ажратилган 235,6 млрд. сўм маблағларни мақсадли йўналтирилиши ҳамда тадбиркорларга тегишли миқдорда мулк ва ер майдонлари ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилган.

Давлат буюртмасига мувофиқ, янги иш ўринларини ташкил этиш прогноз кўрсаткичларининг ижроси бўйича ўтказилган ўрганиш натижаларини Олий Мажлис палаталарига киритиб бориш, жорий йилда Андижон вилоятида ўтказилгани каби, депутатлар билан ҳамкорликда соҳа бўйича назорат тадбирларини давом эттиришга келишиб олинди.

Коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятнинг Ҳисоб палатаси фаолиятига таъсири тўғрисидаги саволларга, жойларга чиққан ҳолда ўтказиладиган назорат тадбирлари вақтинчалик тўхтатилганлиги, тадбирлар мавжуд ахборот алмашинуви тизимларидан фойдаланган ҳолда, масофавий таҳлиллар асосида амалга оширилаётганлиги маълум қилинди. Бундай ҳолатда Ҳисоб палатасининг 2020 йилги Иш дастури қайта кўриб чиқилиши, Олий Мажлис палаталари ва президент топшириқлари асосидаги назорат тадбирлари биринчи навбатда ўтказилиши билдирилди.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг келгусидаги иш фаолиятига оид таклиф ва тавсиялар ҳам берилди. Хусусан, бюджет интизомини бузган, бюджет маблағларини мақсадсиз ва самарасиз ишлатган бюджет маблағлари олувчиларнинг масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқишни, бюджет тизими бюджетларига маблағлар ва бошқа бюджетдан ташқари жамғармаларга маблағлар тушумининг тўлиқлигини ўрганиш ва назорат қилишда аниқланган захира ва қўшимча манбалар бўйича ҳисоботларни алоҳида юритиш, давлат дастурлари ва йирик лойиҳалар бўйича Давлат аудитларни ўтказишда стратегик ёндашувни жорий қилиш ва бу борада махсус методологияни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш ҳамда аудит текширувларида харажатларнинг қонунийлиги ва белгиланган мақсадларга мувофиқлигини аниқлаш билан бир қаторда харажатлардан олинган ва кутилаётган самарадорлик кўрсаткичларини таҳлил қилиб бориш тавсия этилди.

Қонунчилик палатаси Ҳисоб палатасининг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид