Спорт | 13:44 / 24.04.2020
13233
7 дақиқада ўқилади

Футбол тарихидан: Ноодатий чемпионлар

Давравий ўйнаш формати, яъни биз ўрганиб қолган лига тизими энг кучли жамоаларни аниқлаш учун идеал ҳисобланса-да, баъзида қизиқарли ҳолатлар ҳам учраб туради. Бундай турнирда ғолиб чиқиш учун, баъзида энг яхши футболни намойиш қилиш, ҳар томонлама рақиблардан кучли бўлиш ҳам шарт бўлмай қолар экан. Қуйида футбол тарихидаги мана шундай ҳолатлар ҳақида ҳикоя қилинади.

Швеция мўъжизаси

АИК – Швециянинг энг совриндор клубларидан бири, 13 марта мамлакат чемпионлигини қўлга киритган. Энг ғалати чемпионлик эса 1998 йилда содир бўлганди. Стокҳолмликлар турнирда энг кам гол урган жамоа бўлиб туриб ҳам, якунда бош совринни қўлга киритганди. 26 ўйинда 25 гол, ҳар бир ўйинга ўртача 0.96 голдан тўғри келади.

Ўша мавсумдан олдингисида АИК атиги 8-ўринни қўлга киритганди. Вазиятни ўнглаш учун швед футболи учун бегона бўлмаган, Японияда ишлаб юрган Стюарт Бакстер жамоа бош мураббийлигига таклиф қилинади. Сўнгги беш йилини кунчиқар ўлкада ўтказгач, ишини ўзгартириш кераклигини англаб турган мураббий учун бу айни муддао эди.

«Мен бошқа жамоалар каби ўйнамаслигимиз кераклигини тушуниб етдим. Швецияда ҳамма 4-4-2 схемасида ўйнар, ҳимоячилар олдиндаги шериклари ҳаракат қилиши учун шунчаки, тўпни тепиб юборишни афзал кўрардилар. Ҳатто терма жамоа услуби ҳам шунақа, барча шунга ўрганиб қолган, одатланганди. Агар биз ҳам шундай ўйнасак, табиийки, омадлироқ бўлган ёки кучлироқ ижрочиларга эга бўлган жамоа ғалаба қозонади. Шунинг учун бироз бошқача йўлдан бордим.

АИК мавсумнинг илк 10 ўйинида атиги 2 марта ғалаба қозонди. Мамлакатнинг ўша пайтдаги энг кучли клуби «Гётерборг»га қарши учрашув эса ўзгариш нуқтаси бўлиб хизмат қилди. Футболчиларга услубларим ёқар, аммо ҳали натижа йўқ эди. Ўйин олдидан уларга ҳеч нарсага ён бериш йўқлиги, ё ўйлаганимиздек ҳаракат қиламиз ёки мен кетишимни айтдим», дея эслайди Бакстер.

Ўйин давомида футболчилардан бири қизил карточка олиб, жамоа бир киши кам бўлиб ҳаракатланганига қарамасдан АИК 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Айнан шу ҳисоб доим жамоага ҳамроҳ бўлди – кейинги 11 ғалабанинг 7таси айнан шу минимал ҳисобда.

Шундай бўлса-да, сўнгги тур олдидан АИКнинг имконияти жуда паст эди. Бир тур қолганда жамоа 0:0 ўйнаб қўйди ва «Ҳелсинборг»ни олдинга ўтказиб юборди. Сўнгги турда АИК лигада жон сақлаш учун курашаётган «Эргрюге» билан, «Ҳелсинборг» эса аллақачон лигани тарк этиши аниқ бўлган «Ҳэкен»га қарши тўп суриши лозим эди.

«Мен клубга келган биринчи куни офисим олдида бир йигитчани кўргандим. У мендан жамоа билан шуғулланиш борасида рухсат сўради. У Португалияга кетмоқчи эди ва ўз спорт формасини ушлаб турмоқчи бўлган. Билишимча, у жамоада ўйнаган, лекин баъзи муаммолар туфайли шартномаси узайтирилмаган экан.

Мен унга қолишга рухсат бердим. Ҳужумчилардан қийналиб қолганимизда эса, у билан янги шартнома тузишни сўрадим. Муаммо шунда эдики, у гол урмасди. Мухлислар ва журналистлар мени танқид қилишар, ҳужумчида голлар йўқлигини айтишарди. Ростини айтганда, ўзи ҳеч ким гол уролмаётганди-да», дейди мураббий.

Шундай бўлса-да, Бакстер уни сўнгги ўйинда асосий таркибга киритади. Айнан унинг голи жамоага 1:0 ҳисобидаги ғалаба олиб келади. Унинг бутсасига олтин сувини юритиб, клуб музейига қўйилди. Бу йигитчанинг исми Александер Остлунд эди ва у кейинчалик «Фейенорд», «Саутҳэмптон» каби клубларда ўйнади, терма жамоа билан бирга 2004 йилги Европа чемпионатига борди. 

Лекин бу етарли эмасди. АИК чемпион бўлиши учун «Ҳелсинборг» ҳам ютқазиши талаб этилар эди. Умуман очко керак бўлмаган «Ҳэкен» эса мўъжиза кўрсатиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонади, Матиас Ларссон дубл қайд этади. Ўша ўйиндан кейин мухлислар Ларссонни «АИК афсонаси» деб атай бошлашган ва ҳатто Гётерборгдан Стокҳолмгача чипта олиб бериб, ғалаба байрамига чақиришганди. Саҳнага олиб чиқиб, миннатдорчилик ҳам билдиришган.

Шунга ўхшаш ҳолатлар Европанинг бошқа лигаларида ҳам бўлганми?

Туркия чемпионатидаги 1979/80 йилги мавсум кўп эсланади. Мамлакат чемпиони бўлган «Трабзонспор» 30 турда атиги 25 гол урганди. Яъни бир ўйинда ўртача 0.83 гол. Лекин ўша чемпионатда «Трабзонспор»дан камроқ гол урган бошқа жамоалар ҳам бор эди.

Ушбу чемпионат фақат чемпионнинг голсизлиги билангина эсланмайди. Умуман, ўша мавсумдаги жамоалар ўртасидаги фарқ, курашнинг қизғинлиги бўйича ҳеч қайси турнир беллаша олмаса керак. Масалан, чемпион жамоа 30 ўйиндан атиги 12тасида ғолиб чиққан, 15 ўйин дуранг билан якунланган.

Ундан ҳам қизиғи, шу даражада тиғиз жадвал юзага келгандики, чемпионатда 33 очко жамғариб, учинчи ўринни олган «Зонгулдакспор» клуби 14-ўринни олиб, лигани тарк этган «Гёзтепе»дан атиги 6 очко кўп жамғарганди, холос. Яъни, атиги 2-3 ғалаба бир жамоани аутсайдердан совриндорга айлантириб қўйиши ҳам мумкин эди. Қуйида ўша мавсум жадвали:

Топ чемпионатлардачи?

Кучли бешликдан қидирадиган бўлсак, Фабио Капеллонинг «Милан»и 1993/94 йилги мавсумда 34 турда атиги 36 гол уриб чемпион бўлган. Тўғри, «Милан»дан камроқ урган бошқа жамоалар ҳам бўлган, лекин айтайлик, кумуш медал соҳиби «Ювентус» ўшанда 58 гол урган, «Сампдория» эса, деярли икки баробар кўп – 64 гол билан мавсумни якунлаган. «Милан» чемпион бўлишига Капелло танлаган прагматик футбол, ҳимоядаги бехато ўйинлар сабаб бўлган. Ўшанда «Милан» мавсум давомида атиги 15 гол ўтказиб юборганди, холос.

Қизиғи, «Милан» ўша мавсумда Чемпионлар лигасида ҳам ғолиб чиққан, лекин жамоа ўйинида ҳужумкорлик жойида эди. «Милан» турнирда 12 ўйинда майдонга тушиб, 26 гол уришга муваффақ бўлган. Аммо ҳимоядаги ажойиб ўйинлар еврокубокларда ҳам кузатилган – Себастиян Росси ўз дарвозасидан атиги 3 марта гол қўйиб юборганди, холос.

Финалда эса ўша даврнинг «Орзулар жамоаси» деб аталган Кройфнинг «Барселона»си 4:0 ҳисобида тор-мор этилган.

Мавзуга оид