Иқтисодиёт | 14:58 / 24.04.2020
38387
3 дақиқада ўқилади

Молия вазирлиги давлат қарзлари ҳолати ва динамикасини эълон қилди

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги давлат қарзлари ҳолати ва динамикасини очиқлади.

Фото: AP

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган қарз қолдиғи 17,6 млрд. АҚШ доллари эквивалентини ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 30,5 фоизни ташкил этди.

Ўтган йил давомида давлат ташқи қарзи 5,7 млрд. АҚШ долларига ёки йил бошига нисбатан 57,8 фоизга ошиб, 1 январь ҳолатига 15,6 млрд. АҚШ долларига ёки ЯИМга нисбатан 27,0 фоизга етди.

Шундан: 

Ҳукумат номидан жалб қилинган ташқи қарз - 10,7 млрд. АҚШ доллари; 

Ҳукумат кафолатлаган ташқи қарз – 4,9 млрд. АҚШ доллари.

Давлат ички қарзи 19,02 триллион сўмни (1 997,2 млрд. АҚШ доллари) ёки ЯИМга нисбатан 3,5 фоизни ташкил этди. 

Шундан: 

Ҳукумат номидан жалб қилинган ички қарз – 1,3 триллион сўм (131,5 млн. АҚШ доллари); 

Ҳукумат кафолатлаган ички қарз – 17,7 триллион. сўм (1 865,7 млрд АҚШ доллари).

Давлат қарзининг сўнги йиллардаги ўсиши динамикасига қарамай, халқаро меъёрларга кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат қарзи (ЯИМга нисбатан 30,5 фоиз), шу жумладан давлат ташқи қарзи (ЯИМга нисбатан 27,0 фоиз) мўътадил даражада сақланиб қолмоқда, дейилади вазирлик ҳисоботида.

Ўтган йил давомида Ўзбекистон Республикаси Давлат қарзи қолдиғининг шаклланиши қуйидаги омиллар таъсири билан изоҳланган:
 
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан имзоланган ташқи қарз битимлари доирасида ўзлаштирилган маблағлар қолдиғи 2,5 млрд. АҚШ долларига, Ҳукумат кафолати остида имзоланган ташқи қарз битимлари доирасида ўзлаштирилган маблағлар қолдиғи 2,2 млрд. АҚШ долларига ошди. Давлат ташқи қарзи ижтимоий ва стратегик аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилди.

Хусусан: 

“Шўртан газ-кимё комплексида ишлаб чиқарилаётган тозаланган метан негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш” (GTL) - 1,1 млрд. АҚШ доллар; 

“Углеводород хом ашёсини қазиб олиш ҳажмини ошириш” – 0,6 млрд. АҚШ доллар; 

Тахиатош, Навоий ва Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияларини қуриш ва модернизация қилиш – 0,4 млрд. АҚШ доллар; 

“Ахборот узатувчи магистрал тармоқларни ривожлантириш ва инфраструктурани яхшилаш” – 0,1 млрд. АҚШ доллар. 

Ўтган йилнинг февраль ойида 1 млрд. АҚШ долларига тенг суверен халқаро облигациялари чиқарилди.

2018 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги илк бор муомала даври 6 ой, 1 йил ва 3 йил бўлган умумий қиймати 597,1 млрд. сўм миқдоридаги давлат қимматли қоғозларини (ДҚҚ) аукцион савдоларини ўтказиш орқали жойлаштирилган бўлса, 2019 йилда ўтказилган 15 та электрон аукцион орқали 1 550,0 млрд. сўмга тенг давлат қимматли қоғозлари жойлаштирилди.

Мавзуга оид