Ўзбекистон | 08:24 / 24.04.2020
5108
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда онлайн поликлиника синов режимида ишга туширилди

Онлайн маслаҳатлар фақат тавсия характерига эга. Шифокор масофадан туриб, таҳлил олиш, ҳарорат, босим ва пульсни ўлчаш каби ҳаракатларни амалга ошира олмайди

Фото: Shutterstock

Ўзбекистонда илк бор “Шифокордан сўранг” онлайн поликлиникаси синов тариқасида ишга туширилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.

Ушбу лойиҳадан фойдаланиш учун www.askdoctor.uz веб-сайтида рўйхатдан ўтиш керак. Бунинг учун алоқа маълумотларни киритиб, телефон рақам орқали тасдиқлаш лозим бўлади. Сўнгра тегишли йўналиш бўйича шифокор ва қулай бўлган алоқа усулларидан (видео) бирини танлаш лозим.

“Олдиндан ёки мулоқот пайтида анкеталар, касалхонадан чиққанлиги тўғрисидаги ҳужжатлар, яъни, шифокорга тавсияларни тайёрлашда ёрдам берадиган маълумотлар тасвирини юклашингиз мумкин. Шифокор маслаҳатидан сўнг телефонингизга тавсия ёзилгани тўғрисидаги хабар келади. Уни сайтнинг шахсий кабинети орқали юклаб олиш мумкин. Таъкидлаш жоизки, лойиҳа мақсадидан келиб чиққан ҳолда, онлайн маслаҳатлар фақат тавсия характерига эга. Чунки шифокор масофадан туриб, таҳлил олиш, ҳарорат, босим ва пульсни ўлчаш каби ҳаракатларни амалга ошира олмайди”, - дейилади хабарда.

Ушбу онлайн хизматдан Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси фойдаланиш имкониятига эга бўлиб, карантин тадбирлари даврида бепул. Хизматдан фойдаланиш учун махсус дастурларни ўрнатиш талаб этилмайди ва Интернет браузерига эга ҳар қандай қурилма (смартфон, планшет, ноутбук, компьютер) орқали фойдаланиш мумкин. Браузер созламаларида сайтнинг микрофон ва веб-камера қурилмаларидан фойдаланишига рухсат берилишига алоҳида аҳамият бериш керак.

“Сифат ва хавфсизлик борасида тўхталадиган бўлсак, онлайн поликлиниканинг барча мутахассислари Соғлиқни сақлаш вазирлигида қўшимча синовдан ўтган юқори малакали шифокорлар (шу жумладан, профессорлар) ҳисобланади. Тез орада уйда бўлган ва тиббий маслаҳатларни тақдим этиш учун техник имкониятга эга шифокорларни ҳам жалб қилиш функцияси ишга туширилади. 

Бундан ташқари, ушбу сайтда мақолалар, тавсиялар ва тиббий энциклопедия ҳам мавжуд бўлиб, шифокор билан онлайн маслаҳатлашувдан олдин ўзингизни қизиқтирган саволларингизга жавоб топишингиз мумкин.

Тўсатдан пайдо бўлган оғриқ ва касаллик аломатлари пайтида диққатни жамлаш жуда қийин бўлишини ҳисобга олган ҳолда, www.askdoctor.uz сайтида олдиндан рўйхатдан ўтиш тавсия қилинади.

Шунингдек, мамлакатимиздаги ноқулай санитария-эпидемиологик вазият даврида шифокорлар маслаҳати бепул эканлигини инобатга олиб, шифокорлар билан мулоқот сўзлашув маданиятига риоя қилган ҳолда, ҳақорат ва таҳдидларсиз ўтиши лозим. Шуни билингки, онлайн маслаҳат тўлиқ даволаниш ҳисобланмайди. Зарур ҳолда шифокор-консультант тез ёрдам чақириши ёки шифокор кўригига йўналтириши мумкин”, - дейилган маълумотда.