Ўзбекистон | 18:07 / 25.04.2020
8384
2 дақиқада ўқилади

Бош прокуратурада пандемия ва қишлоқ хўжалигига оид масалалар юзасидан селектор ўтказилди

 25 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раислигида селектор йиғилиши ўтказилди. Унда мамлакатда коронавирус пандемияси кенг тарқалишининг олдини олиш, унинг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш ҳамда қишлоқ хўжалигида белгиланган вазифалар ижроси ҳақида сўз борди.

Фото: Бош прокуратура

 Йиғилишда Бош прокуратура масъул ходимлари, вилоятлар, туман-шаҳарлар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва Бюро раҳбарлари ҳамда ҳудудий бошқармалари бошлиқлари иштирок этишди. Бу ҳақда маҳкама матбуот хизмати хабар бермоқда.

 Маълум қилинишича, селекторда карантин шароитида аҳолини зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон воситалари билан узлуксиз таъминлаш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш, фаолиятини тўхтатган субъектлар ишини тиклаш, коронавирус билан касалланганлар, айниқса касалликни юқтириш манбайи аниқ бўлмаган беморлар билан мулоқотда бўлган шахсларни аниқлаш бўйича прокуратура органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

 Шунингдек, жойларда ғалла парвариши, чигит экиш, мева ва сабзавотлар етиштириш, аҳоли томорқасидан самарали фойдаланилишини таъминлашда мавжуд муаммо ва камчиликлар кескин танқид остига олинди.

 Бош прокурор томонидан коронавирус пандемияси шароитида жойларда иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ишсизликнинг ошиб кетишининг олдини олиш ҳамда бошқа долзарб масалалар ижроси борасида прокурорлар ҳокимликлар ва бошқа мутасадди идораларга фаол ёрдам бериши, масъулиятни янада ошириши ва ташаббускор бўлиши лозимлиги таъкидланди.

 Йиғилиш якунида прокуратура органлари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган кечиктириб бўлмайдиган аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид