Ўзбекистон | 19:27 / 28.04.2020
38233
4 дақиқада ўқилади

«Узоқ давр учун, эҳтимол бутун бошли авлод учун қарор қабул қилаётганимизни англашимиз керак» — Азиза Умарова ЕОИИ ҳақида

​​​​​​​6 март куни Ўзбекистон ҳукумати, 28 апрелда эса парламент депутатлари Евроосиё иқтисодий иттифоқига кузатувчи-давлат сифатида қўшилишга қарор берди. Масала Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилиб, маъқулланган тақдирда, ёзда президент Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ташрифи давомида ЕОИИ билан ҳамкорлик бошлангани ҳақида расман эълон қилиниши тахмин этиляпти.

Давлат бошқарувини модернизациялаш ва электрон ҳукумат масалалари бўйича мутахассис, Smartgov.consulting компанияси ижрочи директори Азиза Умарова бир муддат аввал Kun.uz`га берган интервьюсида қатор мавзулар сингари ЕОИИ масаласида ҳам ўз фикрларини билдириб ўтганди.

«Ижобий ўзгаришлар ҳам бўлиши тайин. Чунки бизда божхона ставкалари юқори. Евроосиё иқтисодий иттифоқига кирса, давлат божхона тўловларини камайтиришга мажбур бўлади. Аммо Россиянинг халқ истеъмол товарлари бизга бостириб келади, натижада давлат анча йиллардан бери қўллаб-қувватлаётган маҳаллийлаштириш дастури катта эҳтимол билан хавф остида қолади. Кичик цех, завод ва фабрикалар ёпилишга мажбур бўлади.

Бу меҳнат мигрантларига ёрдам бериши мумкинлиги айтиляпти. Бошқа томондан, Россияда қирғиз фуқаролари дуч келаётган муаммоларга қараганда, мигрантларга осон бўлишини айтиш қийин. Патент тўловига ҳожат қолмайди, лекин бошқа бир қатор муаммолар бор. Яъни маълум маънода миллатчилик, шовинизм, скинҳед билан боғлиқ муаммолар очиқ қолади. Улар паспортингизга қарашмайди, ҳар қандай ҳолатда ҳам сизга зарар етказишлари эҳтимоли йўқ эмас.

Эҳтимол, аввал Жаҳон савдо ташкилотига кириш, кейингина Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳақида ўйлаб кўриш тўғрироқ бўлар.

Билишимча, иттифоққа киргач, ундан чиқиб бўлмайди – давлат иттифоқда қолишни истамаган тақдирда чиқиб кетишининг аниқ ёзилган тартиботи йўқ. Узоқ давр учун, эҳтимол бутун бошли авлод учун қарор қабул қилаётганимизни англашимиз керак. Чиқиб кетиш мумкин эмаслиги ҳақида ўйлаб, барча эҳтимолий ютуқ ва зарарни ҳисоблаб чиқиш керак.

Ўзбекистоннинг ҳозирги халқаро обрўси яхши. Охирги 3 йилда бизга мўъжизадек қарашяпти. Ўзбекистон ҳақида хорижий нашрларда кўплаб ижобий фикрлар билдирилади. Иттифоққа кириш орқали биз буларнинг ҳаммасини йўқотишимиз мумкин. Иқтисодиётга кўпроқ инвесторларни жалб қилиш имконияти қўлдан бой берилади.

Биз иттифоқнинг муҳим иштирокчиларидан бирига айланишимиз амримаҳол, катта эҳтимол билан бошқа давлатларнинг қарорларига бўйсунишга мажбур бўламиз. Бунга тайёрмизми? Савол очиқ.

Назаримда, 90-йиллар авлодини, ундан кейин туғилганларни ҳам мустақилликнинг нақадар муҳимлигини уқтирган ҳолда тарбиялашди. Ҳатто муросага бориб бўлса-да, мустақиллигимизнинг маълум бир қисмини берганда ҳам, одамларимизнинг хафсаласини пир қилиб қўйишимиз мумкин. Айниқса, ёш авлоднинг. Бундай бўлишини истамасдим.

Бу борада ўта эҳтиёткор бўлиш, ҳар бир қадамни стратегик жиҳатдан пухта ўйлаш, калькулятор билан фойда-зарарни ҳисоблаш керак, агар бу фойдага бўлсагина қўшилайлик. Лекин агар ҳисоб-китоб салбий бўлса, бундай қарорларни қабул қилмаган маъқул», – дейди Азиза Умарова.

Умарова интервьюда таълим сифатини ошириш, монополияларнинг иқтисодиётга зарари, муҳим лавозимларда фаолият юритувчи аёл сиёсатчиларнинг камлиги, Сингапурнинг тараққиёт йўли каби мавзуларда ҳам фикр билдириб ўтди.

Тўлиқ интервьюни Kun.uz`нинг YouTube`даги канали орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид