Жайрон овлаганларга қарийб 70 млн сўм жарима, милтиқ ва мотоцикл мусодараси ҳамда 3 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди
Навоий вилоятининг Томди туманида яшовчи фуқаролар З.А. ҳамда А.А. «Қизил китоб» га киритилган 2 бош жайрон (кийик) ҳамда 3 бош ёввойи қуёнларни ноқонуний равишда овлашган.
Бу ҳолат вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси давлат инспекторлари томонидан 2019 йил куз мавсумида Томди тумани чўл ҳудудида амалга оширилган тезкор рейд тадбирлари давомида аниқланган.
Табиатга қирон келтирган овчиларга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Томди тумани ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 202-моддаси 3-қисми «ж» банди билан жиноят иши қўзғатилган эди.
Навоий вилояти Экология бошқармаси ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан 2020 йил 15 апрель куни жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг очиқ сайёр суд мажлисида судланувчилар А.З ва А.А. нинг суд иши бўлиб ўтди.
Суд ҳукмига кўра, етказилган зарар бўйича Навоий вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси фойдасига жавобгарлардан 68 млн 907 минг сўм ундириш лозим топилди. Овда фойдаланилган мотоцикл ва ов қуроли давлат ҳисобига мусодара қилинди ҳамда 3 йил озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.