Ўзбекистон | 23:26 / 29.04.2020
71448
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 14 кун сунъий нафас олиш аппаратида бўлган бемор вафот этди

Ўзбекистонда коронавирус қурбонлари сони 9 нафарга етди.

«1959 йилда туғилган пойтахтлик Г. шу йилнинг 15 апрель куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши (инсульт) билан ётқизилган.

Ўтказилган тезкор диагностик таҳлиллардан сўнг беморда Covid-19 коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган. Шундан сўнг, унга ихтисослашган тиббий ёрдам бериш мақсадида Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасига оғир ҳолатда ўтказилган.

Беморда бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши, ўпканинг сурункали обструктив касаллиги, икки томонлама бронхопневмония, ўткир буйрак етишмовчилиги, гипертония каби қатор хасталиклар бўлгани сабабли даволаниш оғир кечиб, 14 кун сунъий нафас олиш аппаратида бўлган.

Бундан аввал, яъни 2 февралда у илк бор бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши (инсульт) ташхиси билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган ва даволаниб чиққан.

61 ёшли ушбу бемор даволаниш давомида кунлик аҳволи видео мулоқотлар орқали хорижлик ва мамлакатимиздаги шу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг нуфузли мутахассислари назоратида бўлган. Улар томонидан мунтазам консилиумлар ўтказиб келинган.

Бироқ мутахассисларнинг белгиланган стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан, бемор ўткир респиратор дисстрес синдром, ўткир нафас етишмовчилиги, ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этди», – дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

Эслатиб ўтамиз, бугун мамлакатда коронавирусдан касалланиш билан боғлиқ янги ҳолатлар сўнгги 10 кундаги энг юқори кўрсаткични қайд этди - кун давомида 63 кишига Covid-19 ташхиси қўйилди. Жами зарарланиш ҳолатлари 2002тага етди, шундан 1096 киши соғайган бўлса, 9 бемор вафот этди.

Мавзуга оид