Фото: Ижтимоий тармоқлар

Starlink лойиҳаси. Маск 12 мингта сунъий йўлдош билан Ерни «ўраб олмоқчи»

Ҳар замонда тизилиб юрганини осмонда кўраётганингиз -  Илон Маскнинг Starlink дастурини амалга ошириш учун олиб чиқилган сунъий йўлдошлардир. Уларни Falcon 9 ракета-ташувчиси 7 марта муваффақиятли парвозни амалга ошириб, турли баландликда жойлаштириб чиқди.

Денгиз сатҳидан 212-550 км баландликда жойлашган Starlink сунъий йўлдошлари одатдаги сунъий йўлдошлардан анча паст жойлашгани сабаб уларни тез-тез кўриш мумкин. Қизиғи, улар 386 км баландликкача ракетада олиб чиқилади ва 550 км баландликка сунъий йўлдошлар мустақил тарзда чиқади. Қандай дейсизми? Уларга ўрнатилган қуёш батареялари ёрдамида. Ҳар бир сунъий йўлдошнинг оғирлиги 260 кг атрофида.

Starlink лойиҳаси доирасида орбитага 12 мингдан 30 мингтагача сунъий йўлдош олиб чиқиш мўлжалланган. Улар уч қават бўлиб Ерни ўраб олади ва шу тариқа бутун дунёга сифатли интернет етказиб беришни таъминлайдиган провайдер учун «сунъий йўлдошлар армияси» пайдо бўлади.

Бир компания орбитага 12-30 минг дона сунъий йўлдош олиб чиқишни режа қилгани ва аллақачон уларнинг 420 донасини жойлаштириб бўлгани қанчалик жиддий кўрсаткич экани ҳақида икки оғиз. Union of Concerned Scientists халқаро илмий-текшириш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирда орбитада турли давлатлар ва интернет провайдерларга тегишли 2 мингта атрофида сунъий йўлдош бор.

Яъни, Илон Маск Starlink лойиҳасини амалга ошириш учун орбитага ҳозирда мавжуд бўлган сунъий йўлдошлар сонидан камида 6 баравар кўпроқ Starlink сунъий йўлдошини олиб чиқишни мақсад қилган. Ҳозиргача олиб чиқилган 420та сунъий йўлдош ҳам осмондагиларнинг 20 фоизи дегани.

2019 йил 31 март ҳолатига кўра, орбитада 2 062та сунъий йўлдош аниқланган. Улардан 901таси АҚШга, 299таси Хитойга, 153таси Россияга, яна 709таси эса қолган барча давлатларга тегишли. Кўриб турганингиздек, ҳозир Илон Маскнинг ўзида бутун бошли Россия ва Хитойникидан кўпроқ сунъий йўлдош бор. 2018 йил 22 февралдан бошланган Starlink сунъий йўлдошларини олиб чиқиш ишлари 7 майда давом эттирилади. Бу гал ҳам доимгидек 60та Starlink орбитага олиб чиқилади.

Фото: EPA