Жаҳон | 00:15
1157
2 дақиқада ўқилади

Axios: Илон Маск Трампнинг Зеленский билан телефон орқали мулоқотида иштирок этган

Суҳбат давомида Маск Starlink сунъий йўлдош тизимларидан фойдаланиш имкониятини тақдим этиш орқали Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришини айтган.

Фото: Getty Images

Tesla, SpaceX компаниялари ва Х ижтимоий тармоғи раҳбари Илон Маск АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трамп ҳамда Укриана президенти Володимир Зеленский ўртасида бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда иштирок этган. Бу ҳақда Axios нашри ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Қайд этилишича, 6 ноябр куни бўлиб ўтган суҳбат давомида Маск Starlink сунъий йўлдош тизимларидан фойдаланиш имкониятини тақдим этиш орқали Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришини айтган — украиналик ҳарбийлар ундан ўзаро алоқа воситаси сифатида фойдаланмоқда.

Axios муаллифларининг фикрича, Маскнинг телефон мулоқотида иштирок этиши бизнесменнинг келажакда Трамп администрациясига қанчалик кучли таъсир ўтказа олишини кўрсатади.

Манбаларнинг сўзларига кўра, 25 дақиқа давом этган суҳбатда Трамп Зеленскийга Украинани қўллаб-қувватлашини айтган, аммо буни қандай амалга ошириши ҳақидаги тафсилотларга тўхталиб ўтирмаган. Нашр суҳбатдошининг айтишича, мулоқотдан кейин «Зеленский умидсизлик туйғусини бошдан кечирмаган». Зеленскийнинг ўзи Трамп билан «ажойиб» суҳбат қурганини маълум қилди. «Биз яқин мулоқотни давом эттириш ва ҳамкорлигимизни ривожлантиришга келишиб олдик. Кучли ва қатъиятли АҚШ раҳбарияти тинчлик ва адолатли дунё учун муҳим», — деб ёзади у Telegramʼдаги каналига.

Илон Маск журналистларнинг бу борадаги ҳолатга изоҳ бериш сўровига жавоб қайтармади.

Бизнесмен Илон Маск катта миқдорда маблағ сарфлаб, шунингдек, митингларда чиқишлар қилиб Доналд Трампнинг сайловолди кампаниясида фаол иштирок этди. Трамп сайловлардан олдин агар президент этиб сайланса, Маскни самарадорликни ошириш бўйича ҳукумат комиссияси раҳбари этиб тайинлашга ваъда берганди. Ғалабадан кейин Трамп Маскка ўз нутқини эслатиб, уни «супердаҳо» деб атади. Трампнинг сайланиши фонида Telsa компаниясининг капитализацияси икки йилдан бери биринчи марта 1 триллион доллардан ошиб кетди.

Мавзуга оид