Дунёдаги вазият: Соғайганлар сони миллиондан ошди, Австралия ва ЖАР ҳам карантиндан чиқмоқда
Бутун дунёда коронавирусдан соғайганлар сони миллиондан ошди. Шу билан биргаликда, бу рақамлар тестдан ўтказилмаган ва Covid-19’ни енгил шаклда ёки умуман аломатларсиз ўтказиб юборганларни ўз ичига олмайди. Вирусдан зарарланиш ҳолатлари сони ошишда давом этмоқда, аммо кўплаб давлатлар карантин чораларини юмшатмоқда ёки шунга тайёрланмоқда.
Австралия ҳукумати жума куни карантин чораларини бекор қила бошлади, мамлакатнинг шимолий ҳудудларида карантин юмшатилди.
Ҳудуди йириклиги бўйича иккинчи ўринда турувчи Квинсленд штатида сўнгги бир кунда бирорта зарарланиш ҳолати қайд этилмаган - сўнгги бир ярим ойда биринчи марта. Штат раҳбари Анастасия Палащук ҳудуд чегараларини очди ва регби бўйича миллий премьер-лига клубларига 28 май куни бошланадиган турнирга тайёргарлик учун машғулотларга киришишга рухсат берди.
Янги Жанубий Уэльс штатида ҳам Австралиянинг бошқа ҳудудларидан келувчилар учун ўрнатилган тақиқлар олинди.
Австралия ҳукумати 11 майдан ижтимоий масофа сақлаш тартибини бекор қилишга тайёрланмоқда, аммо мамлакат бош вазири Скотт Моррисоннинг сўзларига кўра, карантинга қатъий риоя этилса, бу аввалроқ ҳам рўй бериши, 8 майдан карантин бекор бўлиши мумкин.
Британия: қашшоқлар кўпроқ ўлмоқда
Бу вақтда Европада инфекция тарқалиши темпи пасаймоқда, аммо пандемия якуни ҳақида гапиришга ҳали жуда эрта.
Испанияда коронавирус қурбонлари сони ўсиши давом этди: сўнгги бир кунда бу мамлакатда 281 бемор вафот этди. Бу касаллик тарқалишининг пик давридагидан камроқ, лекин ўтган кундагидан кўпроқ (268 киши). Испанияда сўнгги кунда яна икки мингдан ортиқ кишида вирус аниқланди ва жами зарарланиш ҳолатлари сони 242 мингдан ошди.
Британия миллий статистика бюроси жума куни эълон қилган маълумотларга кўра, Англия ва Уэльснинг қашшоқ туманларида Covid-19дан ўлим даражаси бой ҳудудлардагидан икки баробар кўпроқлиги маълум бўлди. 1 мартдан 17 апрелга қадар нисбатан камбағал графликларда ҳар юз минг кишига пандемия туфайли 50.1 ўлим қайд этилган, ўзига тўқ ҳудудларда эса - ҳар юз минг кишига 25.3 ўлим тўғри келган.
Британия фискал тадқиқотлар институти ҳам коронавирус вақтида тенгсизлик масаласига бағишланган тадқиқотлари натижаларини эълон қилган. Унга кўра, қора танли британияликлар орасида коронавирусдан ўлим топиш даражаси оқ танли британияликларникидан уч баробар ортиқроқ бўлмоқда.
ЖАР ва Хитой чекловларни бекор қилмоқда
Жанубий Африкада карантин чекловлари бекор қилинмоқда. Одамлар кўчага чиқиши ва спорт билан шуғулланиши мумкин.
Айрим савдо нуқталари очилган, ресторанлар таомларни етказиб бериш учун ишламоқда. Аммо тунги соатларда комендантлик соати амал қилмоқда.
1 майдан 5 майга қадар байрам кунлари давом этадиган Хитойда ҳам карантин чораларини қисман бекор қилишга тайёргарлик кўрилмоқда. Пандемия тарқалиши бошланган Хубэй провинциясида апрель ойи бошидан буён янги ҳолатлар қайд этилмаяпти. Аввалроқ экспертлар Хитойни эпидемия кўламини камайтириб кўрсатишда айблаганди.
Покистонда карантин қисман бекор қилинмоқда, лекин шу кунларда парламентнинг қуйи палатаси спикери Файзал Эдхида коронавирус аниқланганди. Бу ҳафтада у тантанали ифторликда иштирок этган, шунингдек мамлакат бош вазири Имрон Хон ва бошқа юқори мартабали амалдорлар билан ҳам учрашганди.
АҚШ президенти Дональд Трамп вирус Уҳандаги лабораторияда ишлаб чиқилганига «далиллар борлиги»ни айтишда давом этмоқда, лекин у бу гапи учун ҳеч қандай далил келтирмаяпти. Бу вақтда Америка разведкаси вирус лабораторияда ишлаб чиқилмагани ва генетик ўзгартирилмаган деб ҳисобламоқда.
Жума куни Трамп эпидемия бошланганидан буён илк марта Оқ уйни тарк этди ва Кемп-Дэвиддаги ҳарбий базага келди.
«Инсоният бирлаша олмади»
БМТ бош котиби Антонио Гутерриш BBC нашрига берган интервьюсида дунё коронавирусга қандай муносабатда бўлганидан «андуҳдалиги, аммо бу вазиятдан унча ҳайрон бўлмагани»ни айтиб ўтди.
«Менга туюлмоқдаки, бугун дунёда дисфункционаллик бор. Ҳокимиятлар ва етакчилар ўзаро узвий алоқада эмас. Бу аҳволда биз умумий муаммоларимизни самарали ҳал эта олмаймиз. Афсуски, дунё Covid-19 қаршисида бир бутун бўлиб бирлаша олмади. Ҳар бир давлат ўзича сиёсат юритмоқда. Турли давлатларда вирусга қарши курашда турлича қарашлар ва турлича стратегиялар мавжуд», деган у.
Пайшанба куни Россия бош вазири Михаил Мишустинда Covid-19 аниқланганди. У ўзини ўзи иҳоталаган. Россияда кунлик ўсиш кўрсаткичи бўйича навбатдаги рекорд натижа қайд этилди - яна 7 933 кишида вирус аниқланди. Мамлакатда қайд этилган жами ҳолатлар сони 114 431тага етди, шундан 1 169 бемор вафот этган.
Бу вақтда хитойлик автоишлаб чиқарувчилар «вирусга қарши функцияларга эга» автомобил ишлаб чиқаришни бошлаб юборди.
Geely автоконцерни (бу компания Лондондаги қора таксиларни ҳам ишлаб чиқаради) «соғлом автомобил» лойиҳаси доирасида ўз автоларини вируслар ўтишига йўл қўймайдиган ҳаво фильтрлаш тизими билан жиҳозламоқда. Янги модел IAPS махсус иқлим қурилмаси билан жиҳозланган бўлиб, у салон ичидаги инсонни бактерия ва вируслардан ҳимоя қилишга қодир.
Geely компанияси Icon кроссоверининг базавий версиясини 16,5 минг долларга баҳоламоқда — бу Hyundai Creta’нинг Хитойдаги муқобилидан 570 долларга арзонроқ.
Британиянинг MG брендига тегишли бўлган SAIC эса ўз автомобиллари салонларига ҳавони тозалаш учун ультрабинафша лампа ўрнатмоқда. Бу функция қанчалик самарали бўлиши ҳозирча маълум эмас.
Мавзуга оид
22:08 / 28.11.2024
Австралияда болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқловчи қонун қабул қилинди
19:32 / 28.11.2024
Колумбия полицияси 225 тонна кокаин ва 6 та «наркосубмарина»ни мусодара қилди
18:15 / 21.11.2024
Австралияда 16 ёшдан кичкиналар ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши чекланади. Технологик компанияларга катта жарималар таҳдид солмоқда
18:59 / 11.11.2024