Жаҳон | 18:59 / 11.11.2024
4378
2 дақиқада ўқилади

Император пингвини илк бор Австралия соҳилларига қадар сузиб борди

Австралиянинг жанубий соҳилларига Антарктидадан бўйи 1 метрга етадиган император пингвини келиб қолди.

Фото: AP

Австралиянинг жанубий соҳилларига қарийб 3,5 минг километр узоқликдан — Антарктидадан император пингвини келиб қолди, деб хабар беради Associated Press.

Пингвинни Денмарк шаҳри яқинида пайқаб қолишган. Аарон Фаулер исмли сёрфер уни кўриб қолиб, аввалига жуда катта денгиз қуши деб ўйлаган. Бир неча дақиқадан кейин бўйининг баландлиги салкам бир метрга етадиган император пингвини соҳилга чиққан. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, унда бирор нимадан қўрқиш ёки ҳужум қилишга уриниш белгилари кузатилмаган. Шундан кейин пингвин қумни қор деб ўйлаб, унга кўмилишга уринган, аммо кўп ўтмай ўрнидан турган ва қум зарраларини қоқиб ташлаган.

Ғарбий Австралия университети илмий ходими Белинда Кеннеллнинг маълум қилишича, бу авваллари Австралияда бирор марта кузатилмаган энг йирик пингвин тури ҳисобланади.

Ҳозирда пингвин денгиз қушлари бўйича мутахассис Керол Биддулф бошчилигида назоратга олинган — ўзига бегона бўлган иқлимга мослашиши учун унга совуқ сув пуркашмоқда. Пингвин бўйининг баландлиги 1 метрни, вазни эса 23 килограммни ташкил этади.

«Барча саъй-ҳаракатлар пингвиннинг реабилитациясига қаратилган. Айни вақтда бир қатор вариантлар, жумладан, уни Антрактидага қайтариш имконияти кўриб чиқилмоқда», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда Янги Зеландия қирғоқбўйи аҳолиси пляжлардан бирида ноёб меҳмон – Адели пингвинини учратишганди. Уни кўрганларнинг сўзларига кўра, пингвин узоқ вақт ҳаракатсиз турган. Бу мазкур турга мансуб пингвин вакили Янги Зеландияда учраши билан боғлиқ учинчи ҳолат ҳисобланади. Дастлабки бу каби икки ҳодиса 1962 ва 1993 йилларда кузатилган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид