Унда белгиланган энг асосий жиҳатлардан бири – бу карантин амал қилиши даврида даъво муддати Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 156-моддаси биринчи қисмининг 1 ва 2-бандларига асосан тўхтатилишини судларга тушунтиришдир.
Бунда судлар шунга эътибор қаратиши лозимки, агар карантин даъво муддатининг охирги олти ойида жорий этилган ёки амал қилиши давом этиб турган бўлса, даъво муддатининг ўтиши тўхтатилади.
Даъво муддатининг тўхтатилишига асос бўлган карантин бекор қилинган кундан бошлаб даъво муддатининг ўтиши давом этади, бунда муддатнинг қолган қисми олти ойгача, агар даъво муддати олти ойдан кам бўлса, даъво муддатига қадар узайтирилади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 333-моддасининг учинчи қисмига кўра, башарти, қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган шахс фақат мажбуриятни лозим даражада бажаришга енгиб бўлмайдиган куч, яъни фавқулодда ва муайян шароитларда олдини олиб бўлмайдиган вазиятлар (форс-мажор) туфайли имкон бўлмаганлигини исботлай олмаган ҳолдагина, жавобгар бўлади.
Қарорда шу муносабат билан судлар мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги масалани ҳал этишда (неустойка ундириш, зарарларни қоплаш, шартномани бекор қилиш ва бошқалар) мажбуриятларни бажармаслик сабабларини аниқлаши, агар мажбуриятни бажариш ёки лозим даражада бажариш карантин жорий этилиши туфайли мумкин бўлмаганлиги аниқланганда, талабни қаноатлантиришни рад этиши лозимлиги белгиланди.
Шунингдек, судлар фуқаролик, жиноят, маъмурий, иқтисодий ишлар бўйича иш юритишни карантин жорий этилиши муносабати билан тўхтатишга ҳақли эмаслиги ва уларни ўз вақтида, карантин шартларида белгиланган эҳтиёт чораларига риоя қилган ҳолда кўриб чиқиши, бундай чоралар кўришнинг ҳамда процесс иштирокчилари иштирокини амалда таъминлашнинг имконияти бўлмаганда, ишни кўришни маълум муддатга қолдириш тўғрисида ажрим чиқариши лозимлиги таъкидланди.
Қарорнинг яна бир эътиборга молик жиҳати шуки, унда карантин жорий этилгунга қадар қонуний кучга кирмаган суд қарорлари, шунингдек, карантин даврида чиқарилган ва карантин жорий этилиши муносабати билан апелляция тартибида шикоят қилинмаган (протест келтирилмаган) суд қарорлари карантин амал қилиши бекор қилингандан сўнг ижрога қаратилиши назарда тутилди.










