– Валижон, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши анча олдин эълон қилинган эди. Бу жараён нима учун кечикиб кетди, деб ўйлайсиз? Ташкилотга аъзо бўлиш талаблари юқори бўлгани учун Ўзбекистон буни бажара олмаяптими ёки масаланинг бошқа омиллари борми, сизнингча?

Валижон ТЎРАҚУЛОВ, Инҳа Университети халқаро савдо бўйича докторанти (Жанубий Корея):

Валижон Тўрақулов

— Бугунги кун учун жуда долзарб бўлган ва жавоби ўзимизни ҳам қизиқтираётган савол бердингиз. Одатда илмий ишлар қилинаётганда бир давлатнинг ҳолатини ўрганиш учун шу давлатга ўхшаган бошқа бир давлатнинг ҳолати ўрганилса, бу давлатга ҳам татбиқ қилиш мумкин бўлади. Нега Қозоғистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши учун 19 йил кетди, деган саволни қўйиб, илмий иш қилганимда баъзи бир сабаблар юзага чиқди ва шу сабабларни ҳозир Ўзбекистон учун ҳам кўрсатиш мумкин.

Биринчи сабаб, биласиз, 1994 йили Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўламан деб ариза берган. 1996 йили Қозоғистон ва Қирғизистон ариза берган. 1998 йилда — атиги икки йил ичида Қирғизистон ЖСТ чиптасини қўлга киритди. 1998 йилда рублнинг қадрсизланиши кузатилган. Осиё, айниқса, Шарқий Осиё — Корея томонларда катта молиявий инқироз бўлган. Шуларнинг натижасида, ҳаммаси йиғилиб-йиғилиб, айнан Қирғизистон ЖСТга аъзо бўлгандан кейин қандайдир бир ёмон иқтисодий натижаларга олиб келгандек бўлиб қолди. Яъни, Қирғизистон бу ташкилотдан кўп фойда олмади, деган хулоса барча Ўрта Осиё давлатларида пайдо бўлди.

1994 йилиёқ ариза топширган учун Ўзбекистон, Тожикистон — ҳаммасининг шашти қайтди. Демак, озгина кутамиз, озгина вақт керак экан, деб ўйлашди. Мана шу вақт, афсуски, Қозоғистон учун 19 йилга тенг бўлди. Ўзбекистон учун эса ҳали ҳам тугагани йўқ. Қирғизистон ЖСТга аъзо бўлди, лекин иқтисодий жиҳатдан гуллаб-яшнаб кетгани йўқ, деган сабаб юзага келди.

Иккинчидан, 2006 йилда Қозоғистон яна аъзо бўламиз деб ўз ҳаракатларини бошлаган. Лекин Россиянинг орзуси Қозоғистонга тўсқинлик қилиб қўйган.

Бу орзу қандай эди? Россиянинг орзуси олдинги совет давлатлари билан биргаликда савдо блокини ҳосил қилиш эди. Ўз ўрнида, Қозоғистон уч томоннинг орасида қолиб кетди. Бир ёқдан асосий савдо шерикларидан бири Хитой, бошқа ёқдан Европа ва тепадан Россия.

Ҳозир бизнинг ҳолатимиз худди шундай — қайси бирига аъзо бўлиш керак, деган савол олдимизда турибди. Худди шу нарсани ўша пайтда Қозоғистон ҳам бошдан кечирган. Қайси бирига биринчи аъзо бўламиз? Биринчи Россияни хурсанд қилайликми? Ёки ЖСТга аъзо бўлиб Европани хурсанд қилайликми? Нима бўлган тақдирда ҳам бу ерда Россиянинг кучи устун келди. 2010 йилда ўзининг божхона иттифоқини ташкил қилди. Божхона иттифоқига, биласиз, Беларус, Россия ва Қозоғистон аъзо бўлган. 2010 йилда унга Қирғизистон ва Арманистон ҳам аъзо бўлган.