Ўзбекистон | 20:00 / 03.05.2020
42790
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Сирдарёда уйига қайтган одамлар билан мулоқот қилди

Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарёда сув тошқинидан кейин уйига қайтган одамлар билан мулоқотда бўлди.

«Давлатимиз раҳбари кеча сув тошқинига дуч келган қишлоқларда бўлиб, ҳудудни тозалаш, инфратузилма объектларини тиклаш, аҳоли учун шароит яратиш бўйича топшириқлар берган эди.

Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа, Сув хўжалиги вазирликлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, қурилиш-таъмирлаш ташкилотлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг ўзаро мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлари натижасида бу йўналишда жадал ишлар олиб борилмоқда. Тошқин туфайли ҳосил бўлган чиқиндилар йиғиштирилиб, ҳудуд дезинфекция қилинмоқда. Ўт ўчириш машиналари ёрдамида кўлмаклардаги сув тортиб олинмоқда. Йўллар очилиб, муҳандислик-коммуникация тармоқлари тикланмоқда.

Натижада бугун айрим маҳаллаларда оилалар ўз уйларига қайта бошлади. Бошқа жойларда тозалаш-таъмирлаш ишлари тезкор суръатларда давом этмоқда. Яқин вақтларда уларда ҳам зарур шароитлар яратилиб, ҳаёт яна ўз изига тушади», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Президент Сардоба туманидаги «Қўрғонтепа» маҳалласини бориб кўрди. Ҳукумат комиссияси мутасаддилари амалга оширилган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берди.

Ушбу маҳалла фуқаролар йиғинида 530та хонадон бўлиб, 4200 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуд сув тошқинига биринчи бўлиб дуч келган, одамлар тезкор равишда хавфсиз жойларга кўчирилган эди.

Катта куч ва техника воситалари, аскарлар, ходимлар жалб қилиниб, амалга оширилган кенг кўламли ишлар натижасида табиий офат оқибатлари бартараф этиляпти, одамлар ўз уйларига қайта бошлади.

Давлат раҳбари шундай уйлардан бирига кириб, хонадон эгаларидан ҳол-аҳвол сўради. Барча қатори уларга ҳам моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилиши, ҳеч ким эътибор ва ғамхўрликдан четда қолмаслигини яна бир бор таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев қадрдон маконига қайтган маҳалла аҳолиси билан мулоқотда бўлди.

Мавзуга оид