22:22 / 06.05.2020
6347

Нью-Йорк метроси дезинфекциялаш учун тарихда илк бор бир неча соатга ёпилди

Нью-Йоркда 6 майга ўтар кечаси тарихда илк бор метро ёпилди. Метро дезинфекциялаш ишларини ўтказиш учун ёпилган.

Фото: Getty Images

Бу ҳақда NY1 телеканали хабар берди.  

Метро поездлари тунги соат 1дан 5гача ҳаракатланишдан тўхтаган.

Метро ўрнига йўловчилар учун 61 та автобус йўналиши ташкиллаштирилган. Автобуслар тунги вақтда метродан фойдаланадиган 11 мингга яқин кишини ташиш учун биринчи навбатда тиббий марказларга яқин ҳудудларга йўналтирилган.

Бундай чоралар, яъни метрони тунда дезинфекциялаш ишлари эҳтимол бир неча ой давом этиши мумкин.
 
“Агар қаердадир атобуслар қатновини кўпайтириш зарурлигини кўрсак, биз буни қила оламиз”, деб айтган шаҳарнинг транспорт департаменти раҳбари Сана Фейнберг.
 
Илк йўловчиларни ер устидаги станцияларда 1868 йилдан, ер остидаги станцияларда 1904 йилдан қабул қила бошлаган Нью-Йорк метроси дунёдаги энг йирик метролардан бири ҳисобланади. Ундаги йўналишларнинг умумий узунлиги 1370 кмни, вагонлар сони 6400 дан кўпроқни ташкил қилади. Метродан иш кунлари 5,6 млнга яқин киши фойдаланади. Бироқ коронавирус пандемияси вақтида йўловчилар оқими 90 фоизга қисқарган.

Нью-Йорк шаҳри жойлашган Нью-Йорк штати коронавирусга чалинишлар сони бўйича АҚШда етакчилик қилмоқда. Бу ерда коронавирусга чалинганлар сони 319 мингга етган, ундан вафот этганлар 19 мингдан кўпроқни ташкил қилмоқда. 

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Мавзуга оид
Top