Ўзбекистон | 19:24 / 08.05.2020
35020
3 дақиқада ўқилади

Сирдарёдаги тошқин ҳудудларида кунига 30тагача вертолёт парвозлари амалга оширилмоқда

«Сардоба» сув омборидаги техноген офатдан сўнг ҳудудларда олиб борилаётган эвакуация-қидирув ишларига Мудофаа вазирлигининг ҳарбий-ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳамда ҳарбий-ҳаво кучлари вертолётлари жалб этилган бўлиб, улар томонидан бир кунда ўртача 30тагача парвоз амалга оширилмоқда.

Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти бошлиғи подполковник Баҳром Зулфиқоров 8 май куни ўтказилган онлайн брифингда маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ушбу вертолётлардан нафақат қутқарув-қидирув мақсадларида, балки жойларга зарур техник воситаларни етказиб бериш учун ҳам фойдаланилмоқда.

«Шу билан биргаликда, ушбу вертолёт авиацияси орқали аҳоли яшаш пунктларида, секторларда туман ҳокимлари, сектор бошлиқлари ҳамда қўшинлар қўмондонлари билан биргаликда парвозлар амалга оширилиб, кунлик амалга оширилган ишлар ва эртанги кун учун режалаштирилган ҳудудлар ўрганиб борилмоқда», – деди вазирлик расмийси.

Фото: Мудофаа вазирлиги

Унинг айтишича, мудофаа тизимидаги тиббиёт мутахассислари томонидан 400дан ортиқ фуқарога тиббий ёрдам кўрсатилган, оғир аҳволдаги фуқаролар шифохонага ётқизилган.

«Мудофаа вазирлигининг 11та психологик гуруҳи ташкил этилиб, бу гуруҳлар томонидан шу кунгача жами 40тага яқин объектларда 2190 нафар фуқаронинг руҳиятини мустаҳкамлаш ва уларнинг ваҳимага, тушкунликка тушишларининг олдини олиш бўйича психологик ишлар амалга ошириб борилмоқда», – деди Баҳром Зулфиқоров.

Мудофаа вазирлиги вакили техноген офат оқибатларини бартараф этиш бўйича кўрилаётган бошқа чоралар ҳақида ҳам ахборот берди.

Маълум қилинишича, мазкур ишларга шахсий таркиб ҳамда мингдан ортиқ ҳарбий ва махсус техникалар жалб қилинган. Ҳудудларни тозалаш ва дезинфекция тадбирлари ўтказилмоқда; алоқа тармоқлари ва кўприкларни тиклаш чоралари кўриляпти.

Навбаҳор ва Баҳористон аҳоли пунктларини бир-бири билан боғловчи 50 метрлик кўприк йўлини тиклаш учун вақтинчалик 7та пантон кўприк йўли ётқизилган.

Мудофаа вазирлигининг махсус авария тиклаш бошқармаси мутахассислари ва Алоқа институтининг курсант-мутахассислари иштирокида аҳоли яшаш пунктларида алоқа тикланмоқда, антенналар қайтадан ишга тушириляпти.

«Кунига камида 3-4 км жойда траншеялар қазилиб, кабеллар ётқизиляпти», – деди Зулфиқоров.

Қайд этилишича, тошқинда нобуд бўлган ҳайвонларнинг топилган жасадларини Мудофаа вазирлиги Радиацион, кимёвий ва биологик муҳофаза қўшинлари ва Санитария-эпидемиология бўлими мутахассислари томонидан дезинфекция қилиниб, уларни зарарсизлантириб, кўмиш ишлари ҳам ташкил қилинган.

Мавзуга оид