Жамият | 14:57 / 11.05.2020
13379
2 дақиқада ўқилади

Шаҳрисабз МИБ бўлими раҳбари ишдан бўшатилди. У ходимларини уятсиз сўзлар билан ҳақорат қилган

Ижтимоий тармоқларда Мажбурий ижро бюросининг Шаҳрисабз шаҳар бўлими ўринбосари Фарҳод Аҳмедов бўлим ходимларига нисбатан ҳақоратли сўзларни ишлатгани ҳақидаги аудио ёзувлар тарқалди. 

Мазкур ҳолат бўйича Бош прокуратура хузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан хизмат текширув ўтказилган. 

Текширув натижасига кўра, мазкур овоз Ф.Аҳмедовга тегишли эканлиги ва аудио жорий йилнинг февраль ойида ходимлар билан ўтказилган йиғилишда ёзиб олингани аниқланган.

Хизмат текширув жараёнида Ф.Аҳмедов ўз хоҳишига кўра, тақдим этган аризасига асосан у шу йилнинг 8 май куни эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, Бюро органларидан бўшатилди.

«Ўз навбатида, соҳа ходимларининг касбий малакасини ошириш, уларни маънавий-ахлоқий, ватан ва касбга садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган профилактика ишларига эътибор янада кучайтирилди. 2020 йилнинг ўтган даврида 134 нафар ходимга нисбатан 71та хизмат текширувлари ўтказилиб, 38 нафар ходимнинг интизомий жавобгарлиги ҳал қилинган бўлса, шундан, 9 нафари Бюро органларидан бўшатилган, 7 нафари ўз лавозимидан бўшатилган», дейилади бюро матбуот хизмати томонидан Kun.uz’га тақдим этилган ахборотда.

Мавзуга оид