Ўзбекистонда 300 мингдан ортиқ ҳамшира касб байрамини нишонламоқда
Ҳар йили 12 май – Халқаро ҳамширалар куни сифатида бутун дунёда муносиб нишонланиб, ҳамшираларга алоҳида эҳтиром кўрсатилади.
«Коронавирус туфайли курраи замин бугун бир вужуд, халқлар ва элатлар эса гўё бир оиладек бирлашиб ҳаракат қилмоқда ва мана шундай даврларда шифокор-у, ҳамшираларга бўлган эҳтиром ва ҳурматимиз янада ошмоқда. Зеро, ҳамшира деганда кўз ўнгимизга қўли енгил, сўзи ширин, юзи кулиб турадиган ва ҳар қандай вазиятда беморга беминнат кўмак беришга тайёр малакали мутахассис гавдаланади. Тиббиёт масканларида фидойи бўлиб, ўзига юклатилган бемор парваришини сидқидилдан меҳр билан амалга оширадиган соҳа вакиллари бугун касб байрамини нишонламоқда.
Дарҳақиқат, тиббиёт соҳасини ҳамширалар фаолиятисиз тасаввур этиб бўлмайди. Соҳадаги энг сўнгги тиббиёт технологиялари асосидаги операцияларни муваффақиятли ўтказиш жараёнидан тортиб, операциядан кейинги бемор парвариши, лаборатория-диагностика соҳаси, она-бола парвариши, шошилинч ва тез тиббий хизмат, санитария-эпидемиология, фармацевтика каби қатор соҳаларида юртимизда фаолият юритиб келаётган 300 минг нафардан зиёд ўрта тиббиёт ходимлари, ҳамшираларнинг ўрни беқиёс. Шу жумладан, уйма-уй юриб, оиладаги тиббий маданият даражасининг юқори бўлишида улкан ҳисса қўшиб келишаётган патронаж ҳамшираларнинг меҳнати ҳам алоҳида таҳсинга лойиқ.
Мамлакатимизда ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, олий маълумотли ҳамширалар тайёрлаш тизими йўлга қўйилгани аҳолига ҳамширалик ёрдамини сифатли кўрсатиш, бу йўналишда жаҳон тиббиётининг энг илғор услубларини амалиётга жорий этишда муҳим омил бўлмоқда. Ҳозирда беш минг нафардан ортиқ олий маълумотли ҳамширалар тиббиётнинг турли бўғинларида самарали фаолият юритяпти. Уларнинг орасидан олималар ҳам етишиб чиққани ҳамшираларимизнинг етук салоҳиятидан далолатдир. Қолаверса, ҳамширалик ёрдамини кўрсатишда юқори натижаларга эришаётган ҳамшираларни моддий рағбатлантириш тизими жорий этилди.
Айни кунларда коронавирус инфекциясига қарши тинимсиз кураш олиб бораётган 50 минг нафардан зиёд ҳамширалар жасорати алоҳида таҳсинга лойиқ. Халқимиз ҳамшираларнинг коронавирусга чалинган беморларни даволаш йўлида тинмай, ҳатто ўз соғликларини хавф остига қўйиб бўлса ҳам, даволаётганига гувоҳ бўлишмоқда. Уларнинг бу қаҳрамонликларини ҳар қанча қўллаб- қувватласак арзийди.
Бир сўз билан айтганда, юртимиздаги уч юз минг нафардан зиёд фидойи, касбига садоқатли ҳамширалар ҳам халқимизнинг бугунги синовли ва ташвишли кунлардан эсон-омон ўтиб олишида катта мадад ва сабабчи бўлмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат ва хусусий тиббиёт муассасаларида Ватанимиз ва халқ олдидаги бурчини теран англаб, астойдил меҳнат қилаётган сиз, ҳамшираларни Халқаро ҳамширалар куни билан самимий қутлаган ҳолда, оилавий бахт, сиҳат-саломатлик, масъулиятли ва шарафли ишингизда улкан муваффақият тилайди!», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги табригида.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил мустақилликнинг 28 йиллиги муносабати билан ҳамда Тиббиёт ходимлари куни арафасида жами 95 нафар тиббиёт ходимлари, шу жумладан, 21 нафар ҳамшира давлатнинг юксак унвон ва мукофотларига сазовор бўлганди.
Мавзуга оид
19:41 / 25.02.2024
“Муҳими қўрқмаслик керак” – Европанинг 2-рақамли махсус клиникасида ишлаётган ўзбек ҳамшираси
07:30 / 09.12.2023
Ўзбекистондан 400 нафар ҳамшира Германияга ишлаш учун юборилади
13:48 / 19.08.2023
Буюк Британияда ҳамшира 7 нафар чақалоқнинг ўлимида айбдор деб топилди
10:36 / 21.06.2023