Ўзбекистонда валюта операцияларини амалга ошириш қоидалари бўйича янги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди
Ўзбекистон Республикасида валюта операцияларини амалга ошириш қоидалари тасдиқланади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикасида валюта операцияларини амалга ошириш қоидалари лойиҳаси эълон қилинди.
Ички валюта операцияларига қуйидагилар киради:
“Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддаси биринчи қисмининг иккинчи – бешинчи, еттинчи ҳамда тўққизинчи – ўн тўртинчи хатбошларида келтирилган операциялар;
қоидаларнинг 43-бандида белгиланган ҳолатларда нақд чет эл валютасини қабул қилиш;
ички валюта бозорида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш операциялари;
норезидент юридик шахснинг Ўзбекистон Республикасидаги инвестицион фаолияти натижасида олинган дивидендлари, даромадлари ва қонуний йўл билан топилган бошқа маблағларини ушбу норезидент томонидан Ўзбекистон Республикасида ташкил этилган ваколатхона ёки доимий муассасага ўтказиш операциялари;
товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида норезидентлар томонидан, шу жумладан биржа брокерлари орқали маҳсулот сотиш ва сотиб олиш билан боғлиқ ўтказмалар;
уюшган савдоларда норезидентлар томонидан, шу жумладан биржа брокерлари орқали акцияларни сотиш ва сотиб олиш билан боғлиқ ўтказмалар;
хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналарига консуллик йиғимларини тўлаш;
судларнинг қарорлари асосида пул маблағларини тўлаш.
Ички валюта операциялари резидентлар ва норезидентлар томонидан қонунчиликка мувофиқ чекловларсиз амалга оширилади.
Резидентлар ва норезидентлар томонидан Ўзбекистон Республикаси банкларида ҳисобварақларни очиш “Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисидаги йўриқнома”да (рўйхат рақами 1948, 2009 йил 27 апрель) белгиланган тартибда амалга оширилади.
Резидентлар ва норезидентлар Ўзбекистон Республикаси банкларидаги ўз ҳисобварақларидан маблағларини Ўзбекистон Республикасининг бошқа банкларида очилган ўз ҳисобварақларига чекловларсиз ўтказишлари мумкин, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ички валюта бозорида сотиб олинган маблағлар бундан мустасно.
Резидент юридик шахсларнинг шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларнинг чет эл валютасидаги маблағлари Ўзбекистон Республикаси банкларида очилган валюта ҳисобварақларида сақланади ва улар ушбу маблағлардан қонунчиликка мувофиқ ҳолда мустақил равишда фойдаланадилар.
Хорижий давлатларда ҳисобварақлар очган резидент юридик шахслар томонидан ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 25 санасига қадар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги давлат солиқ хизматига ҳамда асосий ҳисобварағига хизмат кўрсатувчи тижорат банкига ҳисобварақлар очилганлиги (ёпилганлиги) тўғрисида ва ҳисобварақларнинг реквизитлари ўзгарганлиги ҳақида, шунингдек ушбу ҳисобварақлардаги қолдиқлар ва айланмалар тўғрисида маълумотлар иловада келтирилган шаклга мувофиқ тақдим этилади.
Резидент юридик шахсларнинг ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг валюта ҳисобварақларига қуйидаги операциялар бўйича чет эл валютаси киритилиши мумкин:
ички валюта операциялари;
халқаро (трансчегаравий) валюта операциялари.
Ушбу ҳисобварақлардаги маблағлардан ҳисобварақ эгасининг топшириғига кўра:
ички валюта операциялари учун;
жорий халқаро операциялар учун;
қонунчиликда белгиланган тартибда капитал ҳаракати операциялари учун фойдаланилиши мумкин.
Резидент жисмоний шахсларнинг номига келиб тушаётган валюта маблағлари уларнинг ҳисобварақларига қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилинган ҳолда чекловларсиз киритилади ҳамда ушбу маблағлардан мустақил равишда фойдаланилади.
Ички валюта бозорида чет эл валютасининг сотиб олиниши ва сотилиши:
жорий халқаро операциялар бўйича чекловларсиз;
капитал ҳаракати операциялари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва қарорлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари ёхуд Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.
Ички валюта бозорида шунингдек қуйидаги операциялар амалга оширилади:
тижорат банклари томонидан ўз мижозларининг валюта маблағларини шартнома (оферта битими) асосида сотиб олиш, шунингдек жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш;
тижорат банклари томонидан жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш мақсадида валюта маблағларини сотиб олиш;
товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида товарларни сотишдан олинган маблағлар ҳисобига норезидентлар томонидан, шу жумладан биржа брокерлари орқали валюта маблағларини сотиб олиш ва сотиш.
Тижорат банклари томонидан чет эл валютасини сотиш ва сотиб олиш операциялари валюта позициясига нисбатан ўрнатилган лимитлар доирасида амалга оширилади.
Мижозлар чет эл валютасини сотиб олиш ёки сотиш учун тижорат банкига белгиланган шаклга асосан буюртма тақдим этадилар. Буюртма шакли тижорат банкининг бошқаруви томонидан тасдиқланади ва унда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши шарт:
мижоз номи;
валюта тури ва суммаси;
сотиб олиш ёки сотиш курси.
Чет эл валютасини сотиб олиш учун тақдим этиладиган буюртмаларда қўшимча равишда қуйидаги маълумотлар ҳам кўрсатилади:
чет эл валютасини сотиб олиш мақсади;
валюта операцияларини асословчи ҳужжатлар.
Мижозлар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш ёки сотиш учун буюртмалар тижорат банкларига масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали электрон кўринишда ҳам тақдим қилиниши мумкин.
Буюртмада қайд этилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги юзасидан жавобгарлик мазкур буюртмани тақдим этган мижоз зиммасига юклатилади.
Чет эл валютасини сотиб олиш учун тақдим этилган буюртмаларнинг қонунчилик талабларига мувофиқлиги бўлинма томонидан ҳужжатлар қабул қилинган кун ҳисобга олинмаган ҳолда бир банк иш куни мобайнида кўриб чиқилади.
Чет эл валютасини сотиб олиш ёки сотиш учун томонлар келишувига кўра бир марталик бош шартнома ёки ҳар бир операция бўйича алоҳида шартномалар расмийлаштирилиши мумкин.
Тижорат банклари томонидан ички валюта бозорида сотиб олинган чет эл валютасини кирим қилиш учун мижоз номига махсус ҳисобварақлар очилади.
Махсус валюта ҳисобварағига ушбу ҳисобварақдан илгари чиқарилган ва фойдаланилмаган, шунингдек бошқа сабабларга кўра қайтарилган чет эл валютаси ҳам кирим қилинади.
Махсус ҳисобварақдан қуйидагиларни амалга оширишга йўл қўйилмайди:
нақд валюта олиш, хизмат сафари харажатларини тўлаш учун олиш бундан мустасно;
чет эл валютасини хўжалик юритувчи субъектларнинг бошқа валюта ҳисобварақларига ўтказиш, шунингдек маблағларни депозитга жойлаштириш ва ҳисобварақ қолдиғига фоизлар ҳисоблаш.
Банк мижози томонидан сотиб олиниб, мижознинг махсус валюта ҳисобварағига киритилган вақтдан эътиборан етти банк иш куни мобайнида фойдаланилмаган валюта маблағлари, ушбу муддат тугагандан кейинги банк иш кунидан кечиктирилмаган ҳолда тижорат банкларига қайта сотилиши шарт.
Махсус валюта ҳисобварағидан илгари чиқарилган ва фойдаланилмаган, шунингдек бошқа сабабларга кўра қайтарилган чет эл валютаси ҳам уч банк иш куни мобайнида тижорат банкларига қайта сотилиши лозим.
Бунда чет эл валютасининг қайта сотилиши сотув кунидаги валюта биржаси савдоларида ўрнатилган охирги курс бўйича акцептсиз равишда амалга оширилади.
Тижорат банклари томонидан жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операциялари чекловларсиз амалга оширилади.
Тижорат банклари жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга оширишда Марказий банкнинг Банклараро ягона электрон тизимидан фойдаланадилар.
Мазкур тизимдан фойдаланиш учун тижорат банклари валюта айирбошлаш операцияларини амалга оширувчи чакана амалиётлар кассалари, банк хизматлари офислари, банкларнинг тегишли таркибий бўлимлари ҳамда валюта айирбошлаш шохобчаларининг жойлашган жойи (почта манзили) кўрсатилган ҳолда Марказий банкнинг тегишли ҳудудий Бош бошқармасига маълумот тақдим этади.
Чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш курслари тижорат банклари томонидан чет эл валютасига бўлган талаб ва таклифни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда белгиланади ва ушбу курсларга тижорат банклари томонидан операцион кун давомида ўзгартириш киритилиши мумкин.
Тижорат банкларида жисмоний шахслар билан барча турдаги валюта айирбошлаш операциялари амалга оширилади.
Тижорат банклари томонидан шикастланиш белгилари мавжуд муомалага яроқли банкноталар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш, шунингдек, муомалага яроқсиз банкноталарни инкассога қабул қилишни рад этишга йўл қўйилмайди.
Қуйидаги шикастланиш белгилари мавжуд бўлган банкноталар муомалага яроқли қонуний тўлов воситаси ҳисобланади:
банкнота энининг (бўйининг) тўртдан бир қисмидан ошмаган йиртиқларга эга бўлса;
ёпиштириб қўйилган бурчаклари ёки қисмлари (1 sm2 дан ошмаган) бўлса ҳамда йиртиб олинган бурчаклари ёки қисмлар аниқ ушбу банкнотага тегишли бўлса.
Қоидаларнинг 34-бандида кўрсатилган меъёрлардан ортиқ бўлган ва қуйидаги шикастланиш белгилари мавжуд бўлган банкноталар муомалага яроқсиз ҳисобланади:
бўлакларга ажратилган;
ёнган ёки куйган;
қасддан шикастланган ҳолда тасвири (сурат, портрет) ўзгартирилган, номинали ўзгартирилган, ҳимоя ипчалари олиб ташланган ҳолатда бўлса.
Тегишли хорижий давлатнинг эмитент банки томонидан эълон қилинган санадан кейин муомаладан чиқарилган ҳамда банкнота тугатилганлиги, сохталиги ёки намунавийлигини тасдиқловчи штамплар мавжуд бўлган банкноталар билан валюта айирбошлаш операциялари амалга оширилмайди.
Валюта айирбошлаш операцияларини амалга оширувчи банк ходимларига қуйидагилар тақиқланади:
валюта айирбошлаш операцияларини сиртдан амалга ошириш;
тегишли маълумотнома бермасдан валюта айирбошлаш операцияларини бажариш ёки валюта айирбошлаш операциясини бажармасдан тегишли маълумотномаларни бериш.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк кассаларига АҚШ доллари, инглиз фунт стерлинги, Евро, швейцария франки, япон иенаси ҳамда тижорат банкларининг ихтиёрига кўра бошқа чет эл валюталари қабул қилиниши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нақд чет эл валютаси тижорат банклари кассаларига қуйидаги ҳолатларда қабул қилиниши мумкин:
- консуллик хизматлари учун йиғим;
- хорижда ўтказилган кўргазма ва ярмаркаларда сотилган товарлар учун;
- божсиз савдо дўконларидаги ҳисоб-китоблар, шунингдек халқаро ташишларда транспорт воситаларининг қатнов йўлларида йўловчиларга товарларни реализация қилиш ва хизматлар кўрсатиш чоғидаги ҳисоб-китоблар билан боғлиқ операциялар учун;
- хорижий хизмат сафари харажатлари учун олинган бўнакларнинг қайтарилишида;
- банк хизматларини амалга ошириш билан боғлиқ операциялар учун;
- юридик шахсларнинг устав фондига (устав капиталига) маблағларни киритиш учун;
- хайрия фаолияти билан боғлиқ операциялар учун;
- экспорт қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) учун;
- норезидент жисмоний шахс томонидан ташқи савдо шартномаси бўйича дебитор қарздорликларни сўндириш учун;
- норезидентларнинг ваколатхоналари номига хориждан олиб келинган нақд чет эл валютаси.
Мавзуга оид
19:37 / 31.10.2024
«Валюта курсининг 1 фоизга қадрсизланиши инфляцияга 0,3-0,4 фоиз таъсир кўрсатиши мумкин» - МБ раиси
16:07 / 22.08.2024
Муомаладаги нақд пул миқдори биринчи марта 50 трлн сўмдан ошди
11:36 / 04.08.2024
Bitcoin ва доллар арзонлашди, олтин қимматлашди – халқаро молия бозори шарҳи
21:38 / 10.07.2024