Жаҳон | 23:16 / 14.05.2020
16506
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда собиқ хавфсизлик вазири коронавирусдан вафот этгани айтилмоқда

Тожикистонда коронавирус юқтирганлар сони 900дан ошди, 29 киши вафот этган.

Фото: Asia-Plus

13 май куни Тожикистонда 106 кишида коронавирус аниқланган, бу энг юқори кунлик ўсиш қайд этилиши бўлди. Ўлим ҳолатлари сони 6тага кўпайган. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигига асосланиб Азия-Плюс хабар берган.

Эндиликда мамлакатда вирус юқтирганларнинг умумий сони 907 нафарга етди. Умумий ҳисобда 29 нафар тожикистонлик коронавирус сабаб вафот этган.

Айни дамда 4 мингдан ортиқ киши шифокорлар назоратида бўлиб турибди.

ЖССТнинг Тожикистондаги миссияси раҳбари Патрик О`Коннор вазият келажакда қандай тус олиши мумкинлиги ҳақида фикр билдирди: «Унутманг, бизни спринт пойгаси эмас, марафон кутмоқда. Кейинги 12-18 ой давомида коронавирус тарқалишига қарши чоралар ишлаб чиқишда давом этишимиз керак».

Тожикистонда бир гуруҳ одамлар томонидан kvtj.info сайти ишга туширилган. Унда коронавирус сабаб ҳалок бўлгани айтилаётганларнинг номлари маълум қилиб борилади. Бу рўйхатда бугун Тожикистон хавфсизлик вазирлигининг собиқ раҳбари Саиданвар Камолов номи ҳам пайдо бўлди.

70 ёшли генералнинг набираси бобосига ўлимидан аввал бронхит ташхиси қўйилганини айтган. Саиданвар Камолов 1995 йилда Тожикистон хавфсизлик вазири этиб тайинланган. 1997-2001 йилларда мамлакат чегараларини муҳофаза қилиш давлат қўмитасини бошқарган.

Ҳозиргача Тожикистонда расман 29 киши коронавирус сабаб вафот этгани маълум қилинган бўлсада, kvtj.info сайтида вафот этганлар сони 211 нафарлиги кўрсатилган. Саиданвар Камолов ушбу рўйхатда 210-бўлиб қайд этилган. Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлиги kvtj.info сайтидаги маълумотлар асосли эмас деб ҳисоблайди.

Мавзуга оид