Ўзбекистон | 09:21 / 15.05.2020
2054
2 дақиқада ўқилади

Биржада форвард шартномалари асосида 217,3 млрд сўмлик шакар сотилди

Сотилган шакар ҳажмининг аксарият қисми, яъни 61 фоизи – Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти, 26 фоизи – Қашқадарё вилояти ва 10 фоизи – Фарғона вилояти харидорларининг улушларига тўғри келди.

Республика товар-хом ашё биржасида форвард савдолари ўтказила бошлаган пайтдан бошлаб, яъни 2020 йилнинг 30 мартидан бугунги кунга қадар форвард шартномалари асосида 217,3 млрд сўмлик шакар сотилди.

Биржа савдоларига форвард шартномалари бўйича 46,2 минг тонна шакар қўйилиб, улардан 41,1 минг тоннаси ёки қарийб 90 фоизи сотилди. Ўтказилган форвард савдоларининг якунларига кўра, шакар деярли бошланғич нархда, яъни маҳсулотнинг бир тоннаси ўртача 5,2 млн сўмдан сотилди.

Форвард савдоларида сотувчи сифатида “Хоразм шакар” АЖ ва “Ангрен шакар” АЖ шакар ишлаб чиқарувчилари ҳамда 21 та харидор корхоналар иштирок этишди. Сотилган шакар ҳажмининг аксарият қисми, яъни 61 фоизи – Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти, 26 фоизи – Қашқадарё вилояти ва 10 фоизи – Фарғона вилояти харидорларининг улушларига тўғри келди.

Шакар бўйича ўтказилган анъанавий биржа савдоларида шаклланган ўртача нархлар шакарнинг бир тоннаси учун 5,3 млн сўмни ташкил этди.

Форвард шартномаси – муддатли шартнома бўлиб, унга кўра сотилаётган товар учун нарх шартнома тузилган кунда белгиланади, товарни етказиб берилиши эса белгиланган муддатда келажакда амалга оширилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид