Бойсуннинг олис тоғ қишлоғида вояга етмаган фарзандлари билан яшаётган 90 ёшли отахон: уларга нима таҳдид солмоқда?
Дуғоба — Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги олис тоғ қишлоғи бўлиб, баҳорнинг ёғин-сочинли кунлари у ерга фақат УАЗ машиналарида бориш мумкин. Чунки бетакрор табиатга эга гўшага элтувчи лой йўллардан тўрт ғилдираги ҳам тортадиган УАЗдан бошқа машина сизни олиб ўта олмайди.
«Дуғоба» маҳалласининг Қайроқ қишлоғига 90 ёшли отахонни йўқлаш учун Наврўз куни борган эдик. Кейинчалик карантин чоралари кучайиб, мурожаатни эълон қилишимиз бироз ортга сурилди.
Биз қарийб 90 ёшли Нормурод ота Тошатов истиқомат қиладиган одмигина уйга келганимизда отахон ҳали тетик эканига гувоҳ бўлдик.
Нормурод ота биринчи аёли билан 70 ёшигача бирга яшаган. Онахон оламдан ўтган. Улар ўғил фарзанд кўришмаган; қизлари вояга етгач, турмуш қуриб, бошқа туманларга кўчиб кетишган. Кампири вафот этганидан 5 йил ўтиб, 75 ёшида Нормурод ота иккинчи бор уйланган. Бу турмушидан ҳозир икки ўғли бор.
90 ёшли отанинг катта ўғли — 14 ёшли Худойберди туғилганида отаси 76 ёшда, кичиги Холиқберди дунёга келганида эса Нормурот ота 78 ёшда бўлган.
Биз билан суҳбат асносида Нормурод ота ёшлиги ва уруш йилларини эслайди.
Уруш бошланган 1941 йили у 10 ёшли болакай бўлган. Далада меҳнат қилаётган фронт орти меҳнаткашларига ёрдам берганини, ғалла ўрганини, хирмонда янчилган буғдойни эшакка ортиб, Шўрчи шаҳрига олиб бориб топширганини эслади.
Бизга кейинроқ маълум қилишларича, 90 ёшли отахон уруш йиллари фронт ортида хизмат қилган бўлса ҳам, 9 май — Хотира ва қадрлаш кунида уни ҳеч ким йўқламаган.
Айни пайтда оила отахоннинг 1,5 миллион сўм атрофидаги пенсияси билан рўзғор тебратмоқда. Аёли — Қурбонхол опа ишламайди, уй бекаси. Уй атрофига олма ва бошқа мевали дарахтлардан мухтасаргина боғ қилишган. Бир парча ерда рўзғор учун деҳқончилик қилишади. Рўзғорга ярашагина чорвалари бор.
Қурбонхол опа биз билан суҳбатда фарзандларининг камолини кўришни исташи, болалари жуда иқтидорли экани, лекин бу ерда улар камолотга етиши учун шароит йўқлигини айтиб қолди.
Қурбонхол опанинг биринчи турмушидан кўрган катта ўғли Камолиддин Термиздаги санъат коллежида таҳсил олади. Йигит журналистикага, видеоблогерликка қизиқишини айтиб қолди.
Оилани айни пайтда ўта жиддий бир муаммо қийнаб турибди.
Бир вақтлар Нормурод отанинг ота-бобосидан қолган ери мактабга олиб берилади. Ҳозир эски мактаб бўшаган коллежга кўчирилган. Оила ўша — мактабга берилган, ота-бобосидан қолган бир парча ер қайтариб берилишини истамоқда.
Чунки улар истиқомат қилиб турган жой ўта хавфли бўлиб, бир томонини жар ямламоқда, иккинчи томонидан кўчки хавф солиб турибди. Тоғдан келаётган сел электр сими симёғочларини ағдариб кетган, оиланинг мурожаатларига қарамасдан мутасадди идоралар ҳануз уни тўғирлаб беришмаган.
Албатта, отанинг оиласи, унинг вояга етмаган ёш фарзандлари хавфсизроқ жойда яшашлари керак. Ушбу материални эълон қилишга тайёрлаётган чоғимизда отахоннинг рафиқаси Қурбонхол опа хавотир аралаш сим қоқиб қолди.
Қурбонхол опанинг ҳикоя қилиб беришича, тинимсиз ёғаётган ёмғирлар ва дарёдаги сел ўз ишини қилган. Жар янада кенгайган, тоғ томондан кўчки эса очиқ-ойдин хавф солиб турибди.
Айни пайтда Нормурод ота ва болалари ўз уйида эмас, вақтинча хавфсизроқ жойда жон сақлаб турибди эканлар.
Биз Сурхондарё вилояти ҳамда Бойсун туманидаги масъулларни ушбу муаммога зудлик билан эътибор қаратишларини, масала юзасидан муносабат билдиришларини сўрар эдик.
Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz махсус мухбири.
Мавзуга оид
18:05 / 15.11.2024
Портлашдан 2 ой ўтиб: Конда йирик ёнғин, бадбўй ҳид камайган, аммо аҳоли ҳамон сарсон
20:17 / 29.10.2024
“Одамлар қийналишяпти” – бойсунликлар ҳукуматдан амалий ёрдам кутмоқда
15:36 / 20.09.2024
“Йигитларни ўлимнинг оғзига олиб боришган” – М25 конида ҳалок бўлганларнинг яқинлари
09:51 / 24.04.2024