Жаҳон | 22:30 / 19.05.2020
9242
3 дақиқада ўқилади

Лотин Америкаси коронавирус пандемиясининг янги ўчоғига айланиши мумкин

Лотин Америкасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари бир ой ичида 7 марта, ундан ўлим 8,5 мартага ошган. Шу сабабли ушбу минтақа коронавирус пандемиясининг янги ўчоғига айланиши мумкин. 

Фото: Reuters

Бу ҳақда Der Spiegel нашридаги мақолада айтилган. Айни вақтда минтақада коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони деярли 550 мингтага етган. Вирусдан ўлимлар сони бир ой ичида 8,5 мартага кўпайиб, 30 мингтадан ошган. 

Ҳамма касалланганлар ва вафот этганларнинг ярми Бразилияга тўғри келмоқда (254220 нафар касалланган ва 16792 мингта ўлим). 

Мақолада таъкидланишича, минтақанинг баъзи шаҳарларидаги вазиятни эпидемиянинг АҚШ ва Европадаги энг юқори даражаларидаги вазиятга қиёслаш мумкин. “Перу пойтахти Лимада одатдагидан 2 марта кўпроқ одам ўлмоқда. Буни эпидемиянинг Париждаги энг ёмон ойига қиёслаш мумкин”, дейилган мақолада.

Шунингдек, Бразилиянинг 2 млн киши яшайдиган Манаус шаҳрида ўлим ҳолатлари 3 марта кўпайган. Бундай статистика Европада энг оғир эпидемиологик вазият кузатилган Лондон ва Мадрид учун хос бўлган. Эквадорнинг Гуаякил шаҳрида аввалги йиллардагига қараганда 5 марта кўп одам вафот этган ва бу шаҳар “иккинчи Нью-Йоркка” айланиши мумкин.

Шунингдек, Бразилияда коронавирусдан вафот этганлар оммавий қабрларга кўмилмоқда: улар бир-бирининг устига тахланган тобутларда дафн этилмоқда. Бундан ташқари, мамлакатда коронавирусни аниқлаш учун тестлар кам ўтказилмоқда. 

Мақолада Бразилиянинг Сан-Паулу шаҳридаги шифокорлардан бирининг сўзлари келтириб ўтилган. Унинг таъкидлашича, Бразилияда коронавирусдан ўлимлар сони юз минггача етиши мумкин ва “энг ёмони ҳали олдинда”. Мақола муаллифининг фикрича, бундай прогнозлар мамлакатда етарлича қатъий бўлмаган карантин чоралари ва коронавирусни “кичкинагина грипп” деб атаётган президент Жаир Болсонарунинг вирусга ножиддий муносабати билан боғланган.

Бундан ташқари, Мексика Лотин Америкасида коронавирусга чалинганлар ва ундан вафот этганлар сони бўйича 3-ўринга чиққанига қарамай, мамлакатда карантин чекловлари олина бошланди. Бу орада вирусологларнинг таъкидлашича, Мексика пойтахти Мехикода эпидемиянинг энг юқори даражасига ҳали етилмаган.

Шунингдек, қатъий карантинга қарамай касаллик Перуда тобора авж олмоқда – Лоретор регионида коронавирусдан ҳар соат бир киши вафот этмоқда. 

“Европа ва АҚШ билан таққослаганда, Лотин Америкаси ушбу инқирозга кам нарса билан қаршилик қила олади. Иқтисодий турғунлик йиллари минтақанинг бир қатор давлатларида соғлиқни сақлаш тизимида қисқартиришларга олиб келган. Ҳимоя воситалари жаҳон бозорида улар бой давлатлар билан рақобат қилишларига тўғри келмоқда”, деб хулосалаган ўз фикрларини муаллиф.

Мавзуга оид