Унинг огоҳлантиришича, шаҳардаги шифохоналар 90 фоизга тўлган ва яқин вақт ичида умуман бўш жой қолмаслиги мумкин.

У карантин чораларини менсимаганларни «рус рулетка»си ўйнаб, бошқаларнинг ҳаёти билан ўйнашишда айблаган.

Сан-Паулу - Бразилиянинг коронавирусдан энг кўп жабр кўрган ҳудуди. Бу ерда ҳозиргача 3 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди.

Аммо бу вазият ўта оғир бўлган ягона ҳудуд эмас. Ўлим ҳолатлари сони кўплиги бўйича Сан-Паулудан кейинги ўринда Рио-де-Жанейро бормоқда, бу шаҳардаги шифохоналарда ҳам реанимация хоналарида бўш жойлар етишмовчилиги кузатилмоқда.

Шунингдек, Амазонка ҳавзасидаги Манаус шаҳри ҳам Жанубий Америкадаги йирик ўчоқлардан бирига айланган. 15 май ҳолатига кўра, бу шаҳарда коронавирус тасдиқланган ҳолатлар 18 мингдан ошиқ эди, шифохоналар тўлиб-тошган, вафот этганлар умумий қабристонларга кўмилмоқда.

Эпидемия айниқса Амазониянинг туб аҳолиси учун катта хавф солмоқда, шаҳарлардан узоқда жойлашган ҳудудлар аҳолиси тиббий ёрдамлардан фойдаланиши жуда қийин.

Шанба куни Бразилия коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари бўйича Испания ва Италияни ортда қолдирганди, сешанба куни эса Буюк Британия ҳам ортда қолдирилди ва бу мамлакат жаҳон рейтингида АҚШ ва Россиядан кейинги учинчи ўринда жойлашган.

АҚШнинг Жонс Ҳопкинс университети тақдим этган статистик маълумотларга кўра, 19 май куни яна 16,5 мингдан ортиқ кишида вирус аниқланди ва жами ҳолатлар сони 272 мингга яқинлашди (Айни вақтда АҚШда тасдиқланган ҳолатлар сони 1,5 миллиондан ортган, Россияда 300 мингдан ошган). Шу вақтгача 17 983 нафар бразилиялик коронавирус қурбонига айланган. Сўнгги бир кунда 1179 киши вафот этган ва бу кунлик ўлимлар сони бўйича ҳозирча энг юқори натижадир. Ўлим кўрсаткичлари бўйича Бразилия АҚШ, Буюк Британия, Италия, Испания ва Франциядан кейинги  олтинчи ўринда.

18 майда бразилиялик тиббиёт эксперти Доминго Алвес мамлакатда касалланганлар сонининг жадал суръатларда ўсиб бораётганидан хавотирда экани ва рақам 3,5 миллионга чиқиши мумкинлигини билдирган. Унинг фикрича, ҳукумат барча беморларни аниқлаш учун тестларни етказиб бера олмайди. У расмий статистика ҳам асли вазиятни ифодалай олмаслигини билдирган.