Иқтисодиёт | 14:28 / 30.05.2020
22250
6 дақиқада ўқилади

Имтиёзли кредитлашдан воз кечиш, банкларни хусусийлаштириш. Юлий Юсупов банк соҳасида зарур бўлган ислоҳотлар ҳақида

Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази директори Юлий Юсупов Ground Zero томонидан ташкил қилинган вебинар доирасида «Банк ислоҳоти нима учун зарур?» мавзуида ўз фикрлари билан ўртоқлашди ҳамда саволларга жавоб берди.

Вебинарни кузатган Kun.uz мухбири таниқли иқтисодчининг фикрларини ўзбек тилида келтириб ўтади.

Иқтисодчининг таъкидлашича, соғлом, нормал банк тизимининг 2та асосий функцияси мавжуд. Булар: келишувларни таъминлаш ва воситачилик. Юлий Юсупов мазкур фунцияларни амалга оширишга ҳозирда тўсиқ бўлаётган муаммоларни санаб ўтди.

- Инфляция - биринчи сабаб. Бу Марказий банкимизнинг айби эмас, бу бизнинг жами иқтисодий сиёсатимиз. Банклар нима учун имтиёзли кредитлар беради? Чунки бунга уларни назорат қилувчи ташкилотлар, ҳукумат идоралари, ҳокимлар, баъзида Марказий банкнинг ўзи ҳам мажбур қилади. Бу асосан давлат банклари. Бизда тижорат банклар активларининг 80 фоизи давлатга тегишли. Асосий банклар – давлат банклари. Имтиёзли кредитларни улар беришади.

Одатда инфляция учун Марказий банк жавоб беради. Мамлакатда инфляция юқори бўлса, демак Марказий банк айбдор. Инфляцияда бизнинг Марказий банк айбдорми? Ҳам ҳа, ҳам йўқ. Жавобгарлик у қадар катта эмас деб ўйлайман. Чунки кўп нарса унга боғлиқ эмас. Буни тушунтиришга ҳаракат қиламан. Менинг фикримча, иқтисодиётимиздаги инфляция, пул массаси кўплигининг асосий сабаби – катта [миқдордаги] кредит эмиссияси. Имтиёзли кредитлар берилади, яъни ҳатто инфляция даражасидан ҳам паст бўлган фоиз ставкасида кредитлар берилади. Ана шу кредит эмиссиялари ҳам ортиқча пул массасининг манбаи ҳисобланади. Биздаги вазиятда менинг назаримда у [инфляциянинг] асосий манбаи. Мендаги сўнгги маълумотларга қараганда, Халқаро валюта жамғармаси ҳисоб-китобларига кўра, бизда бериладиган кредитларнинг 60 фоизи бу – паст фоиз ставкасидаги имтиёзли кредитлар. Агар товар ресурсининг нархи паст бўлса, талаб катта бўлади. Кредитлар реал иқтисодиёт ўсишига қараганда кўпроқ ўсган.

Тижорат банкларимиздаги кредитларнинг 70 фоиздан ортиғи давлат секторига ажратилади, 29 фоизи – хусусий секторга.

Ҳозирда маъмурий бошқарувда нима содир бўлмоқда? Марказий банк фоиз ставкаларини белгиламайди, бироқ ҳукумат ҳозирда ана шу имтиёзли кредитларни бермоқда. Шу сабабли юқорида айтиб ўтилган инфляциядан ташқари яна кўплаб муаммолар келиб чиқмоқда. Бу – бозордаги ўйин қоидаларининг тенг эмаслиги, чунки кимдир олди, бошқа биров ололмади, масалан, имтиёзли кредитларни давлат корхоналари олди, кичик бизнес эса ололмади.

Эркин бозордаги юқори фоиз ставкалари. Гап шундаки, одатда имтиёзли кредитлар бюджетдан субсидиялаштирилмайди. Ўз-ўзидан, банклар харажатларни кимнингдир ҳисобидан қоплаши керак. Кичик бизнесга ажратиладиган кредитларда фоиз ставкалари анча юқори бўлади. Яъни кичик бизнес ўзи учун ва имтиёзли кредит олган  “ўша амаки” учун тўлайди. Пул етишмаслиги ана шундан келиб чиқади, чунки пул имтиёзли кредитлар учун ажратилади. Эркин бозордаги фоиз ставкаларининг юқори эканлигининг сабаби ҳам шунда.

Кейинги муаммо – рақобат. Бу ердаги муаммо нимадан иборат? Айтиб ўтганимдек, аксарият банклар – давлат банклари. Кўпинча мазкур давлат банклари ихтисослаштирилган, бир-бири билан рақобат қилмайди. Бизда хориж банклари кам. Улар бор, лекин етарли даражада тор соҳаларга ихтисослаштирилган. Ўз-ўзидан, банк секторидаги рақобат кучсиз. Рақобат учун асосий тўсиқ – лицензиялаш масалалари. Лицензиялашнинг ношаффоф тизими бозорга маҳаллий ёки хорижий янги банкларнинг эркин киришига йўл қўймайди. Эслаб кўрайлик, 10 йил муқаддам нечта банк бўлган? Қанча бўлган бўлса, ҳозир ҳам шунча. 30тадан кам. Яқинда рўйхатдан ўтган 2та хорижий банкни ҳисобга олмаганда.

Яна бир муаммо – ишончнинг кучсизлиги. Чунки шахсий мулк ва келишувлар ҳуқуқи – кучсиз. Қонунлар ёмон, ишламайди. Суд тизими даҳшатли. Шунинг учун кредит бериш ёки олиш мумкин бўлган барча иқтисодиёт субъектлари банкларга ишонмайди.

Яна бир сабаб – давлат структурасининг банк ишига фаол аралашуви. Улар фақатгина имтиёзли кредитлар эмас, кўпинча ёмон кредитлар. Катта эҳтимол билан [давлат] кредитларни қайтармайдиган корхоналарга беришга мажбур қилади. Улар банкларнинг “елкасига ўтириб олади”. Ўз-ўзидан, ишонч ҳам камаяди.

Касаллик сабабларини аниқладик. Энди уни даволаш ҳақида гапирамиз. Бу каби касалликларни қандай даволаш керак? Касалликлар ўзига хос. Лекин биз нормал банк тизими қандай ишлаши кераклигини айтамиз. Демак, дорилар аниқ.

Имтиёзли кредитлашдан воз кечиш керак. Истисноли ҳолатлардан ташқари. Албатта, имтиёзли кредитлаш қўлланиладиган ҳолатлар бўлади. Бундай ҳолатлар бўлса, у банклар ҳисобидан эмас, бюджетдан молиялаштирилиши керак.

Банкларнинг бир қисмини хусусийлаштириш керак. Қолган давлат банкларини стратегик ҳамкорларга айлантиришни татбиқ этиш лозим. Ҳеч бўлмаса, банкнинг 5-10 фоиз акцияларига эгалик қилсин, ана шунда банкни корпоратив бошқарув қоидалари бўйича фаолият юритишга мажбур қилади. Ташқи инвестор, стратегик ҳамкор банкда корпоратив бошқарув тизими йўлга қўйилмаган бўлса, у ерга келмайди.

Лиценциялашнинг шаффоф тизимини йўлга қўйиш. Бозорга янги, жумладан, хорижий ўйинчиларни киритиш.

Банкдан ташқари кредит секторини ривожлантириш.

Мулк ҳуқуқини мустаҳкамлаш. Бунинг учун хуқуқий, суд, сиёсий ислоҳотни ўтказиш керак. Бу нафақат банк сектори, балки иқтисодиёт учун муҳим, - дейди Юлий Юсупов.

Тўлиқ суҳбатни Ground Zero`нинг Youtube`даги саҳифаси орқали томоша қилиш мумкин.

Мавзуга оид