Май ойида Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида Касбий малакалар, билим ва кўникмаларни ривожлантириш миллий тизими фаолиятини ташкил этиш чоралари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарор билан Миллий малакалар рамкаси ҳамда Касбий малакалар, билим ва кўникмаларни ривожлантириш миллий тизими тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди.

Ушбу қарор билан қатор муаммоларга ечим топилиши айтилмоқда: Ўзбекистонда касб-ҳунар таълимини тугатганларнинг қўлида дипломи бўла туриб, хориж давлатларида мутахассислик бўйича ишлай олмасликлари, кадрларнинг меҳнат бозорида мос ўрин эгаллай олмасликлари каби ҳолатларга барҳам берилиши назарда тутилган.

Kun.uz мухбири миллий малака рамкасининг тасдиқланиши билан таълим ва меҳнат бозорида қандай ўзгаришлар бўлиши кутилаётгани ҳақида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаевдан интервью олди.

Олдин ва бундан кейин: фарқ нимада?

– Миллий малакалар рамкаси малакаларни тушуниш ва солиштиришни осонлаштиради, малакаларни тартибга солишга ёрдам беради. Яъни таълимнинг қайси даражасида қандай малакага эга бўлиш лозимлигини кўрсатади.

Шу пайтга қадар бизда малакани тартибга соладиган таснифлагич бўлмаган. Таснифлашда диплом ёки сертификат эгасининг билим, малака ва кўникмаси ҳисобга олинади.

Бу биринчи навбатда таълим берувчилар учун енгиллик бўлади. Улар малака даражаларига кўра, ўзларининг хизматларини кенгайтириши, муқобил хизмат турларини таклиф этиши мумкин.

Шунингдек, миллий малака рамкаси таълим олувчилар учун муҳим аҳамиятга эга. Сабаби ҳамма давлатнинг ўзига хос миллий малака таснифлагичи бор. Давлатлар квалификацияларни баҳолашни бир хил қолипга келтириш учун ўз миллий малака рамкаларини қабул қила бошлаган.

Масалан, Ўзбекистонда берилган миллий квалификацияни (малакани тасдиқловчи диплом ёки сертификатни) қайсидир чет давлат иш берувчиси кўриб, шунга биноан талабгорга иш бериши мумкин бўлиши учун миллий малака рамкаси керак.

Янги тизим иқтисодий мобилликни таъминлаши кераклигига ҳам умид қилинмоқда, яъни ишчи кучи меҳнат бозори ўзгаришларига ўз вақтида мослашиб кета олиши керак.

«Ўзбекистон дипломи билан чет элда иш топиш осонлашади»

– Олдин бизда квалификация тўғрисида ҳужжат берилган бўлса-да, таълим олган шахснинг билим, малака, кўникмаси қайси даражада экани ҳақида кўрсатилмаган.