Ўзбекистон | 23:59 / 03.06.2020
32556
3 дақиқада ўқилади

Бугун 6 ҳудудда янги ҳолатлар аниқланди, Тошкент вилоятида аҳоли орасида битта ҳолат қайд этилди

3 июнь куни Ўзбекистонда жами 83та янги зарарланиш ҳолати қайд этилди ва 106 бемор тузалди. Шу вақтгача 3014 киши соғайган, айни вақтда шифохоналарда 837 бемор даволанмоқда.

Бугун янги ҳолатлар 6 ҳудудда - Андижон (+1), Навоий (+15), Самарқанд (+1), Сирдарё (+2), Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида (+64) аниқланди. ССВ матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев телеграмдаги каналида беморлар қайд этилиши ва соғайиши бўйича кўрсаткичлар жадвалини келтирди.

83та янги зарарланиш ҳолатидан фақат 1таси аҳоли орасида қайд этилган, 8та ҳолат халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида, шунингдек, карантин муассасаларидаги 74 кишида касаллик аниқланган.

Аҳоли орасидаги ягона ҳолат Тошкент вилоятида қайд этилган.

Карантинда
Сирдарё вилоятида касалликка чалинганлар билан мулоқот қилгани учун карантинга олинган 1 кишида вирус чиққан, шунингдек, Навоий вилоятида карантинда бўлганларнинг 15 нафар, Тошкентда хориждан олиб келиниб карантин марказига жойлаштирилган бўлган 54 киши, Самарқандда коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлган 1 киши, Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинганлар билан алоқада бўлгани учун карантинга олинган 2 киши ва Тошкент вилоятида коронавирусга чалинган бемор билан мулоқотда бўлган 1 кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Ҳайдовчилар
Халқаро юк ташувчи машина ҳайдовчилари билан боғлиқ ҳолатларнинг 6таси Тошкент вилоятида, 1таси Сирдарё вилоятида, яна биттаси Андижон вилоятида қайд этилган.

Тузалганлар
Бугун Навоий вилоятида 42 нафар бемор тузалди. Коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш учун айни вақтда Навоийда бўлиб турган Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Анвар Валиевич Алимов бошчилигидаги махсус гуруҳ ушбу вилоятда сўнгги 2 кунда 84 бемор тузалиб чиқишига эришди.

Бугун шунингдек, Тошкент шаҳрида 43 нафар, Самарқанд вилоятида 17 нафар, Наманган вилоятида 4 нафар бемор тиббиёт муассасаларида соғайиб чиқишди. Бугун жами 106 нафар беморга жавоб берилди.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида 2 июнь куни оғир аҳволда шифохонага ётқизилган 72 ёшли бемор 3 июнь куни вафот этди ва Ўзбекистонда коронавирус қурбонлари сони 16 нафарга етди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 3843 нафар бемордан 3014 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 78 фоизни ташкил этмоқда. 
 
Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 813 нафар бемордан 10 нафари оғир, 2 нафари эса ўта оғир аҳволда

Мавзуга оид