Ўзбекистон | 21:11 / 05.06.2020
5040
3 дақиқада ўқилади

Бундан буён қонун лойиҳаларини ишлаб чиққан идора уни парламентда ҳам ўзи ҳимоя қилиши маълум қилинди

Шу пайтгача Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этилган қонун лойиҳаларини тегишлилиги бўйича қўмита аъзолари ҳимоя қилиб келишган. Қуйи палата ахборот хизмати Ҳожиакбар Тўлагановнинг Kun.uz’га хабар беришича, бундан буён қонун лойиҳалари қайси вазирлик ёки идора томонидан тайёрланган бўлса, парламентда ҳам қонун лойиҳасини улар ҳимоя қилишади, депутатларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтаришади.

“Амалдаги қонунчиликка кўра, қонун лойиҳаси ваколатли ташаббускор идора томонидан Қонунчилик палатасига киритилганидан сўнг уни музокараларга тайёрлаш ҳамда биринчи ва кейинги ўқишларда парламент аъзолари олдида ҳимоя қилиш депутатлар томонидан амалга оширилади. Бу эса ўз навбатида ташаббускор идораларнинг сифатли қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишдаги масъулиятининг сусайишига, натижада, баъзи ҳолларда Қонунчилик палатасига тўғридан-тўғри амал қилиш механизмига эга бўлмаган, амалдаги қонун ҳужжатлари талабига мос келмайдиган қонун лойиҳаларининг кириб келишига сабаб бўлаётган эди.

Қонунчилик палатасида қонун лойиҳаларини кўриб чиқишнинг мутлақо янги амалиёти жорий этилиши кутилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси ушбу масала ўз аксини топган”, дея Ҳожиакбар Тўлагановнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Шириновнинг таъкидлашича, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан қонун лойиҳаси тақдирига масъулиятсизлик билан ёндашиши ўз навбатида унинг сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

“Ўтган беш йил давомида Қонунчилик палатаси томонидан 627 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилган бўлиб, лойиҳаларнинг 60-70 фоизи Қонунчилик палатасида қайта ишланмоқда. Бунда қонун лойиҳаларини кейинги ўқишларга тайёрлашда депутатлар томонидан кўп вақт ва ресурс сарфланиб, парламент аъзоларининг сайловчилар билан ишлаш ҳамда парламент назоратини ташкил этиш биан боғлиқ фаолиятига салбий таъсир ўтказмоқда.

Айни пайтда Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланаётган қонун лойиҳаси билан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги ҳамда “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги қонунларнинг тегишли моддаларига ўзгартишлар киритилмоқда. Унга кўра, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинаётганда маъруза билан чиқиб, уни концептуал асослаш ҳамда депутатлар олдида ҳимоя қилиш вазифаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти ёки унинг вакилига юклаш таклиф этилмоқда. 

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши қонун лойиҳаларини тайёрлашда ташаббускор идораларнинг масъулияти ошишига, қонун лойиҳалари сифатининг яхшиланишига, ташаббускор идора вакили қонун лойиҳасининг аҳамиятини депутатлар олдида асослаб бера олмаган ҳолларда лойиҳани кўриб чиқишни рад этиш амалиётининг кенгайишига хизмат қилади”, дейди у.

Мавзуга оид