Жамият | 19:30 / 05.06.2020
8058
3 дақиқада ўқилади

«Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи» МЧЖ: 5-июнь «Бутун жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш» кунида салмоқли ишлар амалга оширилди

Ҳар йили халқаро доирада ўтказиладиган 5-июнь «Бутун жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни» экологик тақвимдаги энг асосий саналардан бири ҳисобланади. Атроф-муҳитни ифлосланишдан сақлаш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш инсонларнинг экологик саводхонлиги ва экологик маданиятини шакллантиришга бутун дунёда алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Шунингдек, юртимизда ҳам шу масалага оид долзарб муаммолар ўз ечимини топмоқда. Бу борада табиатни асраш ва экологик мувозанатни сақлашда етарли ҳуқуқий асос яратилган бўлиб, эндиликда аёвсиз тарзда табиат муҳофазасига зид равишда содир этилган қоидабузарликларга чек қўйилди ҳамда камёб ва қадимий дарахтларни кесилишининг олди олинди.

Шу жумладан, «Фарғона НҚИЗ» да ҳам бу борада салмоқли ишлар бажарилмоқда. Хусусан, 2020 йилда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Ушбу чора-тадбирлар режасига асосан «Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш», «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш», «Ер ресурсларини муҳофаза қилиш ва чиқиндиларни қайта ишлаш», «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш» каби вазифалар белгилаб олинди ва уларга асосан тегишли ишлар бажарилиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахт ва буталардан фойдаланишни тартибга солиш ва улардан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 43-сонли қарорини ижросини таъминлаш мақсадида корхонамиз тасарруфидаги барча манзарали дарахтларга кадастр рақамлари ва номлари ёзилган рақамли белги (бирка) тайёрланиб, идентификациялаш ишлари амалга оширилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2019 йил 4 майдаги СҚ-427-III сонли қарори топшириқлари ижросини таъминлаш бўйича, «Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи» МЧЖда ҳам бир қанча чора-тадбирлар бажариш механизми яратилди. Жумладан, оқава сувларни тозалаш сифатини ошириш учун 1826 м³/кун қувватига эга бўлган кўп тармоқли тозалаш иншооти ишга йўлга қўйилди. Шунингдек, завод раҳбарияти ва ишчилар ташаббуси билан Фарғона шаҳри, Қиргули мавзейидаги «ФНҚИЗ» МЧЖга қарашли майдонда ерлар юмшатилди, атрофни тартибга келтирилиб, ахлат ва чиқиндилардан тозаланди, манзарали гул кўчатлари экилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш барчамизнинг бурчимиздир. Табиат инъом этган табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, исрофгарчиликларга йўл қўймаслик олдимизга қўйилган муҳим вазифалардан бири бўлиши лозим. Бир сўз билан айтганда, «Табиат бизга аждодларимиздан қолган мерос эмас, балки келажак авлод учун омонат ҳисобланади».

«Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи» МЧЖ Матбуот хизмати

Мавзуга оид