Ўзбекистон | 07:36 / 29.11.2023
6232
2 дақиқада ўқилади

Атроф-муҳитни ифлослантирувчи корхоналар фаолиятини вақтинча тўхтатиш таклиф этилди

Қонун ҳужжатларига атроф табиий муҳитни нормативдан ортиқ даражада ифлослантирувчи корхоналар, ташкилотлар, иншоотлар ва бошқа объектлар фаолиятини ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклашни ҳамда тўхтатиб туришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Фото: Kun.uz

Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди

Қайд этилишича, қурилиш, ишлаб чиқариш ва урбанизация кўламининг кенгайиши атроф табиий муҳитга ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг кескин ортишига сабаб бўлмоқда. Шунга кўра, атроф табиий муҳитнинг нормативдан ортиқ даражада ифлосланишининг олдини олиш мақсадида табиатга зарарли таъсир кўрсатаётган объектлар фаолиятини чеклаш ва тўхтатиб қўйиш мезонларини қайта кўриб чиқишга тўғри келяпти.

Мазкур қонун лойиҳаси билан эса қонун ҳужжатларига атроф табиий муҳитни нормативдан ортиқ даражада ифлослантирувчи корхоналар, ташкилотлар, иншоотлар ва бошқа объектлар фаолиятини ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклашни ҳамда тўхтатиб туришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Депутатлар таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатда экологик ҳолатни янада яхшилаш, аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига хавф юзага келишининг олдини олиш, шунингдек ваколатли давлат органларининг ушбу йўналишдаги масъулиятини ошириш имконини беради. 

Муҳокамалар якунида қонун лойиҳаси қабул қилинди.

Мавзуга оид