Ўзбекистон элчихоналари нега телефон қўнғироғига жавоб бермайди?
Kun.uz таҳририятига хориждан йўлланган мурожаатлар орасида кўпинча элчихона ва консуллик идораларининг телефон қўнғироқларга бефарқлигидан шикоят қилинади. Айниқса, пандемия пайтида шу турдаги мурожаатлар сони кескин ошди.
Ўзбекистоннинг 30дан ортиқ давлатда элчихона ва консуллик идоралари иш олиб боради. Пойтахтда эса 44та давлатнинг элчихонаси мавжуд. Расмий Тошкент дунёнинг 134та давлати билан дипломатик алоқаларни ўрнатган.
Шунга қарамай, хориждаги ватандошлар Ташқи ишлар вазирлиги тизимидаги ходимларнинг мурожаатларга бефарқ бўлишидан норози бўлади.
Ҳукумат махсус комиссияси қарори билан Ўзбекистонда карантин эълон қилинган даврдан бошлаб, ички ва ташқи мунтазам авиақатновлар бекор қилинди. Ватандошларни хориждан олиб келиш учун махсус чартер рейслар ташкил этила бошланди. Kun.uz'га мурожаат йўллаган ўқувчилар чартер рейслар ҳақида маълумот олиш ва аввалдан рўйхатга туриш учун элчихона билан боғланиш қийин эканини иддао қилди.
Шунингдек, пандемия туфайли доимий ишини йўқотган, айни пайтда тиббий ёрдамга ёхуд моддий кўмакка муҳтож фуқаролар ҳам элчихона билан боғланиш қийинлигини тасдиқлади.
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва унинг ўринбосарлари ҳанузгача аҳоли эътирозига жўяли муносабат билдирмаётир.
Агар муаммо элчихонага мурожаатлар сони кўплиги ва бунга номутаносиб ишчи кучи, яъни ходимлар етишмаслиги бўлса, нима учун вазирлик ушбу масалани ижобий ҳал этиш устида бош қотирмайди?
Илғор компаниялар аллақачон алоқа марказлари учун ажратиладиган харажатларни камайтириш, мижозларга сифатли ва узлуксиз хизмат кўрсатиш учун «VoIP» (Voice-over-IP) усулидан фойдаланади.
Масалан, Японияда яшовчи фуқаро юк ташиш хизматидан фойдаланмоқчи бўлиб, қўнғироқ қилганда, ҳеч қандай қийинчиликсиз буюртма беради. Аслида унинг қўнғироғига Японияда эмас, балки бошқа давлатда яшаб, ишлаётган мутахассис жавоб бериши мумкин.
Бунда компания ишчи кучи арзон, нисбатан кам харажат талаб этувчи шароитдаги давлатда колл-марказини ташкил этиши мумкин. Ваҳоланки, мижоз алоқада бўлган операторнинг умуман бошқа шаҳар ва давлатда бўлганини сезмайди. Бундай қўнғироқлар учун мижоздан қўшимча ҳақ олинмайди.
Агар Тошкент шаҳрида хориждаги ватандошларнинг элчихоналарга қўнғироқларини қабул қилувчи колл-марказ ташкил этилса, вазирлик фаолиятида сезиларли ижобий ўзгариш бўлишига ишонаман.
Биринчидан, фуқароларнинг ҳукуматга ишончи ортиб, уларни эшитгувчи пайдо бўлгани қувонтиради. Хориждаги ватандошларнинг консуллик идораларидан норозилиги пасаяди ҳамда ТИВ фаолиятига ҳурмати ошади.
Иккинчидан, вазирликнинг хориждаги ватандошларни қийнаётган масалалар юзасидан хабардорлиги ортади. Ушбу маълумотлар Тошкент шаҳрида тўпланиши эса келгуси ишларни тизимли ташкил этишга замин яратади.
Учинчидан, колл-марказ орқали хорижда доимий яшовчи, асли ўзбекистонлик ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш имконияти пайдо бўлади. Уларнинг истак ва тавсияларини қабул қилиш механизми бирмунча соддалашади.
Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги ушбу амалиётни 2013 йил июнда ҳаётга татбиқ этган. Яъни хориждан қабул қилинадиган барча телефон қўнғироқлар Малага, Ҳонгконг ва Оттавадаги консуллик идораларига йўналтирилган. Уларнинг иш соатидан ташқари пайтда қўнғироқлар бўлса, вазирлик ҳузурида ташкил этилган Лондон глобал жавоб бериш маркази ходимлари ватандошлар билан мулоқот қилади.
Ушбу марказларда хизмат кўрсатувчи ходимлар кўп такрорланувчи саволларга стандарт жавоб беришни пухта билишади. Шунингдек, улар аҳоли билан мулоқот қилиш бўйича махсус дипломатик тренинглардан ўтади.
Ўзбекистон шароитида эса, Ташқи ишлар вазирлиги тузилмасида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолият юритади. Менимча, колл-марказда ишлаш – талабалар учун ҳам амалиёт, ҳам ўз соҳаси бўйича меҳнат қилиш имкониятини беради. Ваҳоланки, бу ишларни ташкил этиш мураккаб вазифа эмас.
Алишер Рўзиохунов
Мавзуга оид
12:33 / 25.09.2024
Ўзбекистоннинг Тел-Авивдаги элчихонаси Исроилда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига хавфсизлик чораларини кучайтиришни тавсия қилди
20:44 / 03.09.2024
Швейцария 33 йилдан кейин Ироқдаги элчихонасини қайта очди
18:12 / 27.08.2024
Исроилнинг Ўзбекистондаги янги элчиси иш бошлади
23:19 / 02.08.2024