Швейцария 33 йилдан кейин Ироқдаги элчихонасини қайта очди
Элчихона Швейцария—Ироқ муносабатларини мустаҳкамлаш, иқтисодиёт, хавфсизлик ва тинчлик соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Швейцария бундан 33 йил олдин ёпилган Ироқдаги элчихонасини қайта очди, деб хабар беради мамлакат Федерал кенгаши.
Қайд этилишича, элчихонани очиш орқали Федерал кенгаш аҳоли кўп бўлган мамлакат билан икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда иқтисодий, хавфсизлик ва миграция масалалари бўйича ҳамкорликни чуқурлаштиришни мақсад қилган.
Ироқда жиддий ички можаролардан кейин охирги йилларда хавфсизлик билан боғлиқ вазият яхшиланган. Мамлакат иқтисодий ривожланиш босқичига кирмоқда, шу билан бирга минтақавий воситачи ва алоқаларни ўрнатувчи сифатида тобора муҳим рол эгаллаяпти. Ироқ сўнгги бир неча йилда минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга сезиларли даражада ҳисса қўшди. Ҳозирда дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакати Боғдодда ўз элчихонасига эга.
«Элчихона Швейцария—Ироқ муносабатларини мустаҳкамлаш, иқтисодиёт, хавфсизлик ва тинчлик соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда Швейцария манфаатларини илгари суриш йўлида фаолият кўрсатади. Ироқнинг энергия ресурслари ва унинг диверсификацияланган иқтисодиёти Швейцария бизнеси учун узоқ муддатли экспорт ва инвестиция истиқболларини ифодалайди», — дейилади хабарда.
Шунингдек, миграция соҳасидаги ҳамкорлик ҳам Швейцария учун устувор ҳисобланади. Адлия ва полиция федерал вазирлиги Ироқдаги миграция билан боғлиқ лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди.
Мавзуга оид
23:04 / 02.10.2024
Uzbekistan Airways Ироқ ва Эрон ҳаво ҳудудини айланиб ўтишини эълон қилди
08:10 / 01.10.2024
АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий базаси ракета ҳужумига учради
20:19 / 28.09.2024
АҚШ бошчилигидаги коалиция Ироқдаги миссиясини 2025 йилда якунлайди
14:50 / 25.09.2024