Жаҳон | 22:01 / 05.06.2020
10216
3 дақиқада ўқилади

Табиат вақти: эриётган музликлар, кесилаётган ўрмонлар

5 июнь санаси – 1972 йилда БМТ Бош ассамблеяси томонидан Халқаро атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни сифатида белгиланган.

Амазон ўрмонларидаги ёнғин / Фото: Mohsin Kazmi

Экологик муаммоларга бағишланган алоҳида кун белгиланишига 1971 йил 11 май куни БМТ бош котибига йўлланган мурожаат сабаб бўлган – унда 23та давлатдан 2200 нафар фан ва маданият соҳаси вакиллари атроф-муҳитда хавфли ифлосланиш жараёни кечаётганидан ва бу инсоният келажагига таҳдид солишидан огоҳлантирган.

«Атроф-муҳит ифлосланиши муаммосини йўқотмасак, у инсониятни йўқотиб юборади», дейилганди мурожаатда.

Мазкур сана жаҳон ҳамжамияти эътиборини атроф-муҳит муаммоларига қаратиш, экология муҳофазасига сиёсий манфаат уйғотишга хизмат қилади. Жорий йилда халқаро атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ҳаракати учун мезбон давлат Колумбия бўлиб, кун мавзуси сифатида биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш масаласи танланган.

Бу йил экологик муаммоларни ҳал қилишга қаратилган ҳаракатлар «Табиат вақти» (Time for nature) шиори остида ўтказилмоқда.

«Биз ейдиган маҳсулотлар, биз нафас оладиган ҳаво, биз ичадиган сув, биз яшайдиган сайёрага ҳаёт бағишловчи иқлим – барчаси табиат туфайли. Устига-устак, ҳозир табиатнинг ўзи бизга белги бермоқда – ўзимиз ҳақимизда қайғуришимиз учун аввало табиатга ғамхўрлик қилишимиз керак.

Ҳозир – уйғониш вақти. Муаммоларни пайқаш учун, овозимизни кўтариш учун... Инсоният учун, Ер сайёраси учун яхшироқ муҳит яратиш вақти. Бу халқаро атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни – табиат вақтидир», дейилади «Халқаро атроф-муҳитни муҳофаза қилиш – 2020» кун тартибида.

БМТ Атроф-муҳит дастури (UNEP) маълумотларига кўра, инсон фаолияти Ер курраси қуруқлик қисмининг тўртдан уч қисми, сув ҳавзаларининг учдан икки қисмидаги экологик муҳитни сезиларли даражада ўзгартирган.

2010-2015 йилларда 32 млн гектар ўрмон майдони инсон омили натижасида қисқарган.

Экспертларга кўра, ҳар сонияда битта футбол майдонига тенг ҳажмдаги ўрмон кесилади.
Фото: Shutterstock

Сўнгги 150 йил ичида глобал исиш негизида сув ҳавзаларидаги коралл рифларидан иборат тирик қоплама икки бараварга қисқарган – улар қуриб, рангсизлашиб бормоқда. Дунё океанларининг шўрланиш даражаси ортиб боряпти.

Коралл рифлари тиббиётда дори-дармон тайёрлаш учун муҳим элементлардан бири саналади.
Фото: Greg Torda/ARC Center of Excellence via Associated Press

Музликлар катта тезлик билан эримоқда. Бу – океан сувларининг ортиши ва сув бўйига яқин ҳудудларнинг сув остида қолиш эҳтимолини оширади, иссиқликнинг намликка нисбати бузилишига сабаб бўлади.

Бугун Гренландия қирғоқлари ўзининг дастлабки музликларидан атиги 5 фоизини сақлаб қолган.
Фото: REUTERS/Kathryn Hansen/NASA

Ёввойи ҳайвонот дунёси қирилиб бормоқда – кейинги 10 йил ичида ёввойи жониворларнинг тур ранг-баранглиги чорак қисмга қисқариши мумкин.

Фото: Wolter Peeters/The Sydney Morning Herald/Getty

Мавзуга оид