“Қазиб олинадиган энергия ресурсларига бой мамлакат сифатида, биз бошқа давлатларнинг ҳам бундай ресурсларни қазиб олиш ва ушбу соҳага инвестиция киритиш ҳуқуқини ҳимоя қиламиз”, — деган эди Озарбойжон президенти Илҳом Алиев апрел ойида Берлинда ўтказилган иқлим масалалари бўйича Петерсберг мулоқотида. Шу тариқа Алиев иқлим муҳофазаси бўйича музокараларда Озарбойжон қайси йўналишдан боришини билдириб ўтган.

11 ноябрдан бери Бокуда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши масалаларига бағишланган 29-конференцияси (CОP29) ўтказилмоқда.

Қазилма ёқилғидан фойдаланиш иқлимга салбий таъсир кўрсатишига қарамай, Озарбойжон раҳбарияти уни қазиб олишдан воз кечишга унчалик шошилмаяпти. Бокунинг позициясини тушунса бўлади, чунки Озарбойжон қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга бўлса-да, нефт ва газ савдосидан келадиган фойда давлат даромадларининг 60 фоизини таъминлайди, деб ёзди Deutsche Welle нашри.

Иқлимни ҳимоя қилиш учун пул қаердан олинади?

Бу йилги халқаро иқлим анжуманида атмосферага карбонат ангидрид чиқиндиларини камайтиришдан ташқари иштирокчилар олдида яна бир мураккаб вазифа турибди: давлат ва ҳукумат раҳбарлари ривожланаётган мамлакатларга иқлим ўзгаришининг тобора кучайиб бораётган оқибатларига қарши курашиш ва барқарор иқтисодиёт яратишга ўтиш учун қандай молиявий ёрдам кўрсатишни ҳал қилиши керак.

Бир неча йил олдин АҚШ, Япония ва Европа Иттифоқи давлатлари каби ривожланган мамлакатлар 2020 йилдан бошлаб иқлим ўзгаришига қарши курашда ривожланаётган мамлакатларга ёрдам бериш учун ҳар йили 100 миллиард доллар ажратиш мажбуриятини ўз зиммасига олганди. Бироқ бу мақсадга 2022 йилга келибгина эришилди. Маблағларнинг сезиларли қисми юқори фоизли қарзлар кўринишида таклиф этилгани кескин танқидларга сабаб бўлди. Юқоридаги давлатлар ваъдасини бажарилмаганликда айбланди.

Германиянинг “Янги иқлим институти” нодавлат ташкилоти вакили Никлас Хёне йилига 200 миллиард доллардан 700 миллиард долларгача бўлган маблағ ҳақида келишиб олиш мумкинлигини таъкидламоқда.

“Шунда иқлим ўзгариши учун ҳақиқатан ҳам масъул бўлган бой мамлакатлар ва биринчи навбатда бу ўзгаришлардан азият чекаётган камбағалроқ мамлакатлар ўртасида адолатли молиявий мувозанат ўрнатилади”, — деди у DW билан суҳбатда.

Ривожланаётган мамлакатлар уларга ажратиладиган маблағ миқдорини 10 бараварга ошириш таклифини бир неча бор илгари сурган. Саноати ривожланган давлатлар буни имконсиз деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, улар молиявий юкни нефтга бой Форс кўрфази мамлакатлари ва Хитой билан ҳам бўлишишни истамоқда.