Жаҳон | 20:32 / 06.06.2020
7445
2 дақиқада ўқилади

Мадагаскар таълим вазири 2 млн долларлик қанд сотиб олгани учун истеъфога чиқарилди

Вазир йирик миқдорда қанд сотиб олиш ҳисобига бойишни кўзлаганликда айбланган.

Мадагаскар президенти Андри Радзуэлина мамлакатнинг миллий таълим, техник ва касб-ҳунар тайёргарлиги вазири Ридзасу Дзусу Асисамбатра Андриамананени 2 млн долларлик қанд сотиб олгани учун истеъфога чиқарди. Бу ҳақда Vanguard газетаси хабар бермоқда

Апрель ўрталарида мамлакат президенти маҳаллий олимлар шувоқ ўсимлиги асосида коронавирусга қарши “самарали восита” - Covid-Organics деб номланган ичимлик яратишганини эълон қилганди. Унинг сўзларига кўра, бу ичимликни ичган инсон 10 кунда коронавирусдан халос бўлади.

Ҳукумат аҳолига Covid-Organics тарқатди. Шу билан бирга, кўплаб карантин чекловлари олиб ташланди. Мактабларда машғулотлар бошланиб, ўқувчиларга бир кунда икки маҳал ушбу ичимлик берилди.

Аммо Ридзасу Андриаманана Covid-Organics ичимлигини жудаям аччиқ деб топди ва ичимлик таъмини ширинлаштиришга қарор қилди. 

"Мен қандларни ҳар бир ўқувчига учтадан ҳисоблаб сотиб олгандим", - деди у.

Вазирнинг мактаблар учун қанд сотиб олгани ҳукумат муҳокамасига қўйилди. Газетанинг ёзишича, Ридзасу Андриаманану йирик миқдорда қанд сотиб олиш ҳисобига бойишни кўзлаганликда айбланган. Натижада у ишдан бўшатилди. Унинг ўринга олий таълим ва илмий тадқиқотлар вазири Элья Беатрис Ассумаку вазир вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Бугунги кунда Мадагаскарда коронавирус юқтирганлар сони 957 нафарга етган, 7 киши вафот этган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид